“Миллий тикланиш” партияси аъзолари бўлган “Grand farm trade” компанияси раҳбарияти томонидан бир миллиард олти юз эллик миллион (1. 650. 000. 000 сўм) сўмлик хайрия ёрдами кўрсатилди. Бу ҳақда партиянинг расмий сайтида маълум қилинди.
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва халқимизнинг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган хайрия тадбирларига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида “Grand farm trade” кампанияси ҳудудий филиали раҳбари, «Миллий тикланиш» партиясидан Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати Қахрамонжон Отахонов бошчилигида эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатламларига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Кеча Тошкент вилоятининг мингта хонадонига жами беш юз эллик млн. сўмлик хайрия ёрдамлари тарқатилди. Акция Тошкент, Андижон, Наманган вилоятларида ўтказилиши режалаштирилган. Бунга эса 1 млрд. 650 млн. сўм маблағ ажратилган.
Ҳар бир вилоятдан мингтадан хонадонга 300 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 250 минг сўмдан пул, жами битта оилага 550 минг сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилади. Умумий ҳисобда битта вилоят аҳолисига беш юз эллик миллион сўмлик кўмак кўрсатилади.
Партия депутати томонидан карантин бошланган даврдан Андижон шаҳридаги дорихоналарда эҳтиёжмандлар учун бепул дорилар бурчаклари ҳам ташкил этилган.
«Миллий тикланиш» партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида ҳам айнан кексаларни қадрлаш, меҳр-оқибатни асраш, инсон омилини барча соҳалар марказига қўйиш каби вазифалар белгиланган. Мазкур партиявий ғоялар депутатлар томонидан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Албатта, чинакам инсонийлик сабоғига айланиб бораётган бу каби хайрли ишлар ортида юртимиз аҳолисининг турмуш тарзини янада яхшилаш баробарида эртанги кунга бўлган ишончи ва интилиши юксалиб боради.
Хайрия бугун Наманган вилоятида давом этади. Тошкент вилоятида эса кеча якунига етказилди. Андижон вилоятида эса давом этмоқда.






