Айни пайтда Президент Виртуал қабулхонаси ҳамда Халқ қабулхоналарига уйда ўтирган ҳолда телефон алоқаси ёки интернет орқали мурожаат қилиш имкони яратилган ва келиб тушаётган мурожаатлар ижроси қатъий назоратга олинган.
Виртуал қабулхона Қўнғироқларни қабул қилиш марказида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ҳафтанинг ҳар куни туну-кун узлуксиз иш йўлга қўйилган бўлиб, фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинмоқда.


Президент Халқ қабулхонасида ҳар куни фуқароларнинг ўртача 2 минг 238 та мурожаати ҳал қилинмоқда.
Президентнинг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасидан хабар қилишларича, у ерда ҳам муарожаатчилар учун карантин шароитида муаммо ва таклифларини етказиш учун барча шарт-шароит яратилган. Аҳоли муаммолари билан ишлаш жараёнида “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” концепцияси ўз самарасини бермоқда. Халқ қабулхоналари билан маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида ўрнатилган доимий онлайн мулоқот ҳудудлардаги мавжуд реал ҳолатни мунтазам мониторинг қилиб бориш, мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун масъулларни белгилаш ҳамда ижросини назорат қилишда бир қатор афзалликларни бермоқда.
Бундан ташқари, аҳоли уйдан чиқмаган ҳолда телефон орқали ҳам Халқ қабулхоналарига мурожаат қилиши мумкин. Фуқароларга янада қулайлик яратиш учун қабулхонага келган мурожаатчилар билан видеоконференцалоқа тизими воситасида мулоқот қилиш, Халқ қабулхоналари олдида ўрнатилган махсус қутиларга мурожаатни қолдириш имкониятлари ҳам яратилди. Қабулхонага келган ҳар бир мурожаатчи тиббиёт ходимлари томонидан зарур текширувлардан ўтказиб, зарур дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.

Фуқароларданкелиб тушаётганталаб ва таклифлар асосида секторлар раҳбарлари ҳамда бошқа идора ва ташкилотларни жалб этган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари савдоси маҳаллалар кесимида йўлга қўйилди. Ижодий гуруҳимиз билан пойтахтимизнинг Юнусобод туманида бўлганимизда бу ишлар узлуксиз давом эттирилаётганига гувоҳ бўлдик. Ҳар куни юк машиналарига аҳоли эҳтиёжи учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари жамланиб, белгиланган график асосида тумандаги 63 та маҳаллада кўчма бозорлар ташкил қилинмоқда.

Юнусобод тумани 2-сектор ҳудудидаги “Увайсий” маҳалласида 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Карантин даврида маҳалланинг ўзида кўчма бозор ташкил қилинаётгани эса ҳозирги мураккаб вазиятда аҳоли учун ниҳоятда катта қулайликдир. Улар ўз уйларидан узоққа чиқмай зарур маҳсулотларни мақбул нархларда харид қилмоқда.

Туманнинг Марказ-6 мавзеси Минор маҳалласида ташкил этилган ярмарка ҳам аҳолининг узоғини яқин оғирини енгил қилмоқда. Маҳсулотлар савдоси карантин талаблари асосида амалга оширилмоқда. Бундай кўчма бозорлар, айниқса, ёши улуғ инсонлар учун ниҳоятда катта қулайликдир.
Тумандаги 1-секторга қарашли “Тикланиш”, 4-сектор ҳудудидаги Мирзо Улуғбек номидаги маҳаллаларида бўлганимизда ҳам аҳоли учун ташкил қилинган кўчма бозорларда зарур озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига мақбул нархлар асосида етказиб берилаётганига гувоҳ бўлдик.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами – боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор шахслар, доимий иш билан банд бўлмаган инсонлардан тиббий-ижтимоий, моддий ёрдам кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масалаларида келиб тушаётган мурожаатларга биринчи навбатда эътибор қаратилиб, уларни қисқа фурсатларда мутасадди давлат ташкилотлари иштирокида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, Халқ қабулхоналарига муҳтож инсонлар ва оилаларга ёрдам кўрсатиш истагини билдириб, мурожаат қилаётган кўплаб савобталаб юртдошларимиз ва тадбиркорларимизнинг ҳомийлик ёрдамлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари қошида ташкил этилган ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига йўналтирилмоқда. Айни пайтда ҳомийлик хайрияларини манзилли етказиб беришда шу мазмунда мурожаат қилган фуқаролар, уйма-уй юриш жараёнида аниқланган ёрдамга муҳтож оилалар ҳам албатта инобатга олинмоқда.

Карантин давридааҳолининг уйда бўлиши уй-жой ва коммунал хизмат масалаларидаги мурожаатларига ҳар қачонгидан ҳам жиддий эътибор қаратишни талаб этиши табиий албатта. Шу борада электр энергияси, газ, суюлтирилган газ, сув, иссиқлик таъминоти, алоқа хизматлари юзасидан йўлланаётган мурожаатлар зудлик билан кўриб чиқилмоқда ва аниқланган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Аҳоли муаммолари билан ишлаш жараёнида аҳолининг яна бир тоифаси – ёшлар мурожаатлари ҳам алоҳида эътиборда бўлиб келаётир. Бу борада давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида ташкил этилган ёшлар мурожаатларини қабул қилиш маркази Президент виртуал қабулхонасига интеграция қилинган бўлиб, 12-50 қисқа рақами орқали бугунги кунга қадар келиб тушган 600 га яқин мурожаат юзасидан ҳам масъул ижрочилар белгиланиб, уларнинг ижроси назорат қилиб борилмоқда. Мурожаатлар таҳлили ёшларимизни асосан бандлик, ўқишга кириш, ўқишни кўчириш, қайта тиклаш, ер майдони ажратиш, кредит олиш каби масалалар ўйлантираётганини кўрсатмоқда. Айни пайтгача 12-50 қисқа рақами орқали келиб тушган мурожаатларнинг ярмидан кўпи – 300 дан зиёди бўйича кўтарилган муаммолар амалда ҳал қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Халқ қабулхоналарининг вилоятлардаги телефон рақамлари қуйидагича:
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ қабулхонаси (+998 61) 222 66 99
Андижон вилояти Халқ қабулхонаси (+99874) 2231000
Бухоро вилояти Халқ қабулхонаси (+99865) 220 10 00
Жиззах вилояти Халқ қабулхонаси (+99872) 226-10-00
Қашқадарё вилояти Халқ қабулхонаси (+99875) 226 10 00
Навоий вилояти Халқ қабулхонаси (+99863) 223 10 00
Наманган вилояти Халқ қабулхонаси (+99869) 228 78 69
Самарқанд вилояти Халқ қабулхонаси (+99866) 229 10 00
Сирдарё вилояти Халқ қабулхонаси (+99867) 240-10-01
Сурхондарё вилояти Халқ қабулхонаси (+99876) 2261000
Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси (+99873) 244-10-00
Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси (+998 71)230 30 13
Тошкент вилояти Халқ қабулхонаси (+99871) 230 24 28
Хоразм вилояти Халқ қабулхонаси (+99862) 224 10 01
Шунингдек, Тошкент шаҳри туманларидаги Қабулхоналар телефон рақамлари эса қуйидагича:
Бектемир тумани 71-295-10-00
Миробод тумани 71-233-31-55
Мирзо Улуғбек тумани 71-269-10-00
Олмазор тумани 71-246-10-00
Сергели тумани 71-258-10-00
Учтепа тумани 71-274-10-00
Чилонзор тумани 71-271-10-00
Шайхонтоҳур тумани 71-248-10-00
Юнусобод тумани 71-212-10-00
Яккасарой тумани 71-250-38-57
Яшнобод тумани 71-291-10-00






