Жорий йилнинг февраль ойида сенатор А.Сангиновга Денов тумани фаоллари ва депутатлари билан бўлган учрашувлари давомида ҳудуддаги аҳоли томонидан катта Қизил сув дарёси қирғоқларига селга қарши ҳимоя дамбасини қуриш ва таъмирлаш ишлари бўйича мурожаат қилинган эди.
Сенатор томонидан ушбу мурожаат жойига чиқиб ўрганилди, дея хабар беради Сенат ахборот хизмати.
Ўрганиш давомида ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон ва Гулобод маҳаллалари оралиғидан кесиб ўтувчи ушбу дарё қирғоқлари емирилиб, таъмирталаб аҳволда эканлиги ҳамда сел келган вақтда аҳоли ва экин майдонларига талофотлар етказиши мумкинлиги маълум бўлди. Шундан сўнг, сенатор ташаббуси билан ушбу дарё қирғоқларини таъмирлаш ишлари жорий йилнинг 21 февралида бошланди. Емирилиб кетган дарё четларига селга қарши тошлар сурилиб, 500 метрли ҳимоя дамба деворлари барпо этилди.
Аҳолининг мурожаати ўзининг ижобий ечимини топди. Маҳалла аҳлининг сел ва тошқинлардан бўладиган хавфсизлиги таъминланди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати аъзоси А.Сангиновнинг Сариосиё туманида ўтказган сайёр қабулида ҳам аҳоли томонидан Сангардак дарёси қирғоғининг сел ва тошқин хавфи мавжуд бўлган қисмини тозалаш юзасидан мурожаат қилинганди.
Сенаторнинг ташаббуси билан Сангардак дарёси (Манжизасой) қирғоғининг 2000 метр қисмини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича қайта реконструкция ишлари амалга оширилди.
Қирғоқнинг 1000 метр қисми сеткали габион ва бетон қопламалари билан мустаҳкамланди. Қолган 1000 метр қисмида Манжизасой ўзани тозаланиб, кенгайтирилиб қирғоқлари кўтарилди.






