Телеграмнинг “platforma.uz” канали ва “tarjimon.uz” сайтида бир неча кун аввал Ички ишлар вазирлиги “Жамоат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини рус тилида жамоатчилик муҳокамасига қўйгани танқид қилиб чиқилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ муносабат билдирди.
"Ички ишлар органларидаги ҳар бир раҳбар давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиш, иш юритишни давлат тилида ташкил этиш масалаларига шахсан масъул этиб белгиланган.
Шунга қарамай, ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси томонидан тайёрланиб, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) таклиф ва мулоҳазалар учун жойлаштирилган Ўзбекистон Республикаси "Жамоат хавфсизлиги тўғрисида"ги қонун лойиҳаси давлат тилида эмас.
Мазкур ҳолат ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тегишли чоралар белгиланди.
Манфаатдор вазирлик ва идораларнинг лойиҳа юзасидан таклиф-мулоҳазалари ўрганилиб, ҳужжат давлат тилида муҳокама учун қайта эълон қилинади", — дейилган Ички ишлар вазирлигининг расмий жавобида.






