АсосийЖАМИЯТ

Короновирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларига қўшимча ҳақ тўланишини парламент назорат қилади

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Коронави...

'Короновирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларига қўшимча ҳақ тўланишини парламент назорат қилади'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тўланиши лозим бўлган қўшимча рағбатлантириш тўловлари амалга оширилмаётгани тўғрисида хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда.

Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу масала юқори палата томонидан назоратга олиниб, Молия вазирлигига сўров юборилган. 

Маълумотларга кўра, коронавирусга қарши курашиш тадбирлари, шу жумладан, тиббиёт ходимларига қўшимча тўловлари учун 2020 йилнинг 23 март куни Молия вазирлиги қошидаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг ҳар бирига дастлабки равишда 5 млрд. сўмдан жами 70 млрд. сўм ажратилган.

2020 йилнинг 14 апрель ҳолатига Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари томонидан 2 263 нафар ходимга, хусусан, 396 нафар шифокор, 801 нафар ўрта тиббиёт, 615 нафар кичик тиббиёт ва 451 нафар бошқа ходимларга, жами 2 981 млн. сўм 6 фоизли ҳар кунлик қўшимча тўловлар тўланган.

Шунингдек, 424 нафар ходим, шу жумладан, 92 нафар шифокорга, 164 нафар ўрта тиббиёт, 128 нафар кичик тиббиёт ва 40 нафар бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 7 877,4 млн. сўм (ҳар бир ходимга 5 млн. сўмдан 25 млн. сўмгача) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови тўланган.

Олий Мажлис Сенати Раиси ўринбосари З.Низамходжаев мазкур масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов билан тиббиёт ходимларига маблағларнинг ўз вақтида ажратилиши ва манзилли тўланиши борасида фикр алмашди.

Олий Мажлис Сенати томонидан ушбу масала устидан парламент назорати давом эттирилади.

    Бошқа янгиликлар