АсосийДУНË

Халқаро валюта жамғармасидан 100 дан ортиқ давлат қарз сўради

Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган молиявий инқирозни бартараф этиш учун шошилинч...

'Халқаро валюта жамғармасидан 100 дан ортиқ давлат қарз сўради'ning rasmi

Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган молиявий инқирозни бартараф этиш учун шошилинч кредит ажратишини сўраб, Халқаро валюта жамғармасига 100 дан ортиқ давлат мурожаат этди. Бу ҳақда ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева маълум қилган.

Мутасаддининг таъкидлашича, жамғарма 1 триллион долларгача қарз ажратишга тайёр. Ҳатто аллақачон ўнта мамлакат молиявий кўмак олиб ҳам улгурди. Қолган талабгорларнинг ярмига эса апрель ойи охиригача маблағ берилади.

Одатда ХВЖ кредит йўналтираётган давлатларга қатъий шартлар қўяди. «Аммо ҳозирги вазиятда биз фақат битта нарсани сўраймиз: илтимос, шифокор ва ҳамшираларга пул тўланг, соғлиқни сақлаш тизимингиз ишлаётганига, одамлар малакали тиббий ёрдам олаётганига ишонч ҳосил қилинг», деди Георгиева. ХВЖ раҳбари мана шундай вазиятда мамлакатлар марказий банклари иқтисодиётни барқарорлаштириш учун қанча имкониятлари бўлса, ўшани тўлиқ ишга солишлари лозимлигига урғу берди.

Халқаро валюта жамғармаси баҳосига кўра, жаҳон иқтисодиёти 1930-йилдан бери энг жиддий инқироз ёқасида турибди. 2020 йилда дунё ялпи ички маҳсулоти ҳажми 3 фоизга пасаяди. Экспертлар келгуси 12-18 ой ичида аксарият мамлакатлар ўз мажбуриятларини бажара олмаслигини, бу, масалан, Италия, Греция каби Европанинг айрим давлатларида дефолтни юзага келтиришини прогноз қилмоқдалар.

    Бошқа янгиликлар