Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси пандемия шароитида юзага келган инқироз сабаб давлат хизматчиларининг иш ҳақини камайтириш ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаб чиқди:
"Биз 34 миллион нафардан ортиқмиз. Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши натижасида 2 йил аввал Давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг лавозим маошлари 1,7 баравар оширилган эди.
Бугун Ватан учун ана шундай мушкул дамларда давлат солиқ хизмати ходимлари меҳнат самарадорлиги билан ёрдам беришга тайёр. Мамлакатда бундай оғир дамларга дош беришда биз, давлат идоралари хизматчиларидан кўра кўпроқ ёрдамга муҳтож ҳамюртларимиз бор.
Солиқ органлари ходимларининг аксарияти 4 миллион сўмдан зиёд бўлган иш ҳақи миқдорини камайтириш тўғрисидаги тавсияларга тушуниш ва ҳамжиҳатлик билан муносабат билдиришди.
Давлат органлари ходимларининг иш ҳақини камайтириш бюджет харажатларини оптималлаштиришдаги адолатли ва муҳим қадам, деб ҳисоблайман.
Биз четда қолишни истамаймиз. Зеро, айнан қийин вазиятларда инсон ички олами ва жамиятнинг етуклиги, бирдамлиги намоён бўлади", — дейилган ДСҚ Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Евгений Махмудов номи билан берилган расмий хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Президент қарори билан Ўзбекистонда давлат ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг харажатлари қисқартирилиши эълон қилингин эди.






