Қорақалпоғистон юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган 3 нафар бемор бутунлай соғайди. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Улар республика соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг 1 нафари Тошкент шаҳридан бўлиб, Тошкент-Қўнғирот йўналишидаги йўловчи поездда Қорақалпоғистонга борган. Икки нафари эса Нукус шаҳридан ота-бола бўлиб, касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олишган. Самарали даволаш муолажалари туфайли бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатди.
Бунда, шубҳасиз, республика юқумли касалликлар шифохонасининг фидойи тиббиёт ходимларининг алоҳида ҳиссаси бор. Уларнинг саъй-ҳаракатлари, халқаро стандартлар асосида даво чоралари кўрилгани беморларнинг тузалишига замин яратди.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар бугуннинг ўзида 27 нафарга етиб, жами 156 нафарни ташкил этмоқда






