Жорий йилнинг 12 апрель куни YouTube ижтимоий тармоғида ўзини Фарҳод Ҳамроқулов деб таништирган блогер томонидан "Ўзбекистон қурувчилари қаёққа қарашяпти?" деган сарлавҳа остида видео пост жойланган.
Унда Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг атрофи "бардак" экани, хонадонларда шароит йўқлиги - сув, газ, чироқ уланмагани ва бошқа муаммолар тилга олинади. Видеотасвирга олаётган фуқаро ўзи яшаётган хонадонни шу тариқа кўрсатган.
Қурилиш вазирлиги ушбу видео юзасидан муносабат билдирди. Маълум бўлишича, мутасаддилар томонидан вазият ўрганилганида, Зангиота тумани “Туркистон” МФЙ ҳудудида қурилаётган ушбу кўп қаватли турар жой биноларида карантин боис ҳозирда қурилиш ишлари тўхтатилган. Объектни фойдаланишга қабул қилиш ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан ушбу уй-жой биноларининг қисман битган хонадонларига мазкур хонадон эгалари ўзбошимчалик билан кириб яшаб келаётганлиги ойдинлашган.
Бу ерда электр, газ ва канализация тармоқлари хонадонларга уланмаган, пардозлаш ва полларга ламинад қоплаш ишлари тўлиқ якунланмаган. Кўплаб камчиликлар мавжуд. Чунки объект қурилиши бугунги кунда тўлиқ битмаган.
Блогер томонидан берилган хабар текшириб ҳам кўрилмасдан, туҳмат ва дашномлар аралаш вазият бўрттириб кўрсатилгани айтилади вазирлик муносабатида.






