Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан айрим интернет нашрларида эълон қилинган “Банкдаги 5 минг сайёр кассир ишсиз қоладими?” номли мақола ўрганиб чиқилди ҳамда келтирилган факт ва иддаолар мутлақо асоссиз эканлиги аниқланди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълум қилди.
Мақолада Республика махсус комиссияси ҳамда коронавируснинг тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус штабининг 2020 йил 14 апрелдаги қарори билан шу йилнинг май ойидан пенсия ва нафақалар тўлиқлигича банк пластик карталари орқали амалга оширилиши туфайли, банкларда сайёр кассир бўлиб ишлаётган 5 мингга яқин ходим республика бўйича ишсиз қолиши ва бу ҳақда ҳеч ким гапирмаётгани ёзилган.
Марказий банк ва Халқ банки мутасаддиларининг Сенат сўровига билдирган ахборотларидан маълум бўлдики, аввало, пенсия ва нафақалар тўлиқлигича банк пластик карталари орқали амалга оширилиши – кассирлардан терминаллар орқали ҳар бир пенсионерга нақд пулни етказиб беришни, банкоматларни пул билан таъминлаб туриш каби қатор вазифаларни талаб этади ва уларга иш юки ҳозирда етарли бўлади. Шу боис штатларни қисқартириш борасидаги гаплар асоссиз.
Давлат раҳбарининг 2019 йил 13 августдаги Фармонига биноан банкларга республиканинг барча чекка ҳудудларида мижозларга тезкор хизмат кўрсатиш учун ихчам “банк хизматлари офислари”ни ташкил қилиш вазифаси юкланган.
Унда банклар томонидан сайёр кассирларни қўйидаги йўналишларда ишга жалб этиш режалаштирилган:
- “банк хизматлари офислари” орқали аҳолига чакана банк хизматларини кўрсатиш, микрокредит, микроқарз, автокредит, истеъмол кредитлари олишларида кўмаклашиш;
- барча ҳудудларда банкоматлар ўрнатилиб, тўлиқ ишга тушгунга қадар пенсионерларга банк карталаридаги пулларини терминаллар орқали нақд олишларини таъминлаш;
- ҳудудлардаги банкоматларни нақд пул билан таъминлаб туриш каби хизматлар кўрсатиш.
Албатта, замон талаби билан рақамли иқтисодиётнинг шиддат билан кириб келиши, рақамли технологияларнинг тезкор ривожланиб бориши ҳар бир банкдан кучли рақобат шароитида “яшаб қолиш” учун юқори малакали мутахассисларни жалб этишни талаб этади. Шундан келиб чиқиб, банклар ходимларни оммавий равишда “қисқартириш” эмас, балки юқори технологиялар орқали хизмат кўрсатиш қобилиятини ошириш ва чакана банк хизматларини кўрсатиш бўйича қайта тайёрлаш устида узвий ишларни амалга оширмоқда. Бу жараён эса Сенатнинг доимий назоратида бўлади.






