Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов "Cotton Campaign" халқаро коалициясига мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтадан фойдаланиш учун бойкотни олиб ташлашни сўраб очиқ мурожаат йўллагани ҳақида хабар қилинганди.
Халқаро коалиция Ўзбекистон ҳукуматига жавоб хатини йўллаб, мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтадан фойдаланганлик учун қўйилган бойкотни бекор қилмаслигини билдирди.
"Cotton Campaign" ҳаммуассиси Беннет Фриман Ўзбекистон меҳнат вазирининг мурожаатига жавоб тариқасида "масала бойкотни тугатишда эмас, балки уни қачон ва қандай бажариш кераклигида", дея таъкидлаган.
Коалиция Ўзбекистонда пахта терими билан боғлиқ мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлида эришилган ютуқларни олқишлаган, бироқ, 2019 йилда фуқаролик жамияти эркинликлари ва мажбурий меҳнатга оид ўзгаришлар бўлмагани ҳақидаги хавотирлар кучайганини қўшимча қилган. Мисол тариқасида Халқаро меҳнат ташкилотининг 2019 йилги пахта йиғим-теримида 100 мингдан ортиқ одам ишлашга мажбур бўлгани ҳақидаги кузатувларини далил сифатида келтирган.
"Ишчилар ва фермерларни ҳимоя қилиш учун брендлар билан йўлга қўйиладиган ҳар қандай тизим Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотларни қабул қилишдан уларни амалга оширишга ўтгандагина самара беради. Бу мажбурий меҳнатни йўқ қилиш учун ҳам, брендлар ишонадиган ахлоқий таъминот занжирларини яратиш учун ҳам жуда муҳимдир", — дейди "Cotton Campaign" вакиллари.
Шунга қарамай, коалиция Ўзбекистон ҳукумати билан конструктив ҳамкорликни давом эттиришига умид билдирган. Коалиция ислоҳотлар жараёнини Ўзбекистонда ишчилар, фермерлар ва фуқаролик жамиятига фойда келтирадиган масъулиятли инвестицияларни жалб қилиш бўйича аниқ қадамлар билан қўллаб-қувватлаш ниятида эканини маълум қилган.
Маълумотларга кўра, ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотда дунёнинг 305 та бренди, жумладан, Adidas, Zara, Bershka, H&M, Burberry, American Eagle ва бошқалар иштирок этмоқда.






