Коронавирус пандемияси сабаб “ўзни яккалаш”, уйда ўтириш, карантин тартибига риоя қилиш талаб қилинаётган бир шароитда Телеграмда турли гуруҳлар очиб, у ерда одамларни алдаб, электрон маблағлари, телефон рақамлари ҳақида маълумотларни тўплаётган фирибгарлар кўпайган. Бу ҳақда Расмий хабарлар телеграм канали хабар бермоқда.
Жиноятчилар гуруҳ ташкил қилиб фойдаланувчилардан у ерга 50 одамни қўшганга 500 минг, 100 тага 800 минг, 200 одамга 3 миллион, 300 одамга 4 миллион, 400 одамга 5 миллион, 500 одамга 6 миллион, 600 одамга 7 миллион, 700 одамга эса 8 миллион сўм ваъда қилмоқда. Одамларни қизиқтириш мақсадида гуруҳга фойдаланувчи қўшган “ўз одамлари билан суҳбат скриншотлари”ни ташлаб бу бот орқали текширилгани ва одам қўшганларга ваъда қилинган пул ўтказиб берилгани ҳақида фотосурат ёки овозли ёзувлар ҳам юклаб бормоқда. Гуруҳга ташланган ушбу аудио ва фотоматериаллар қалбакилаштирилган. Бу каби гуруҳларни тузаётган “хакерлар” кўпинча тижорат банклари, оммавий кўрсатув ёхуд электрон пул ўтказмалари билан шуғулланувчи компаниялар логотиплари ортига яширинган ҳолда одамларни алдамоқда. Масалан, “Марказий студия”, “Ипак йўли банк”, “Click”, “Беғубор” каби гуруҳлар шулар жумласидан.
Аслида улар юборган скриншотлар фирибгарлар томонидан қалбакилаштирилган, овозли ёзувлар ҳам “фейк”. Карантин даврида содда йўл билан осон пул топаман деб ушбу ёлғон ҳаракатларга алданиб қолманг.
“Ўзкомназорат” давлат инспекцияси фуқаролардан бу каби “fake” ёлғон хабарларга ишонмасликни, карта рақамини, телефон рақамини, ўзгаларнинг контактларини мазкур гуруҳларга юбормасликни сўрайди. Шубҳали рақамлар, гуруҳлар, каналлар ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, алданиб қолган бўлсанги ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилинг. Коронавирус пандемияси, касалликка қарши кураш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида расмий манбалар ва ишончли оммавий ахборот воситалари орқали танишиб боринг." дейилади хабарда.






