АсосийЖАМИЯТ

Карантин шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида аниқ вазифалар белгиланди

Бош прокурор ўринбосари С.Саидкаримов раислигида коронавирус пандемияси туфайли жорий этил...

'Карантин шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида аниқ вазифалар белгиланди'ning rasmi

Бош прокурор ўринбосари С.Саидкаримов раислигида коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин чекловлари шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича прокуратура органларининг долзарб вазифаларига бағишланган аудиоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда, жойлардан Бош прокуратура ва ҳудудий штаблари ҳамда ишчи гуруҳлар аъзолари, вилоят ва туман-шаҳар прокурорлари, шунингдек, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи, департаментнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман-шаҳар бўлимлари бошлиқлари қатнашди.

Таъкидландики, ҳозирги вазиятда ҳар бир давлат органи ва масъуллардан инфекцияни юртимизда кенг тарқалишининг олдини олиш, унинг давлат ва жамият ҳаётига, фуқароларнинг кундалик турмуш тарзига салбий таъсирини камайтиришда алоҳида масъулият талаб этилади.

Куни кеча, глобал инқироз ва пандемия шароитида прокуратура органлари томонидан амалга ошириладиган вазифалар бўйича аҳолимизга Бош прокуратуранинг мурожаати эълон қилинди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Бош прокурор ўринбосари томонидан мурожаатда кўрсатилган вазифаларни амалга ошириш бўйича барча даражадаги прокурорлар ҳамда Департамент бошлиқларига аниқ кўрсатмалар берилди.

Айниқса, ёрдамга муҳтож, якка-ёлғиз, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоялашга эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. 

Жумладан, прокурорлар секторларида оғир турмуш шароитидаги ҳамда карантин даврида вақтинчалик даромад манбаини йўқотган 5 мингта оилага прокуратура органлари томонидан моддий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва бошқа биринчи даражали тўловларни ўз вақтида тўланишига оид қонунлар ижроси устидан назоратни кучайтириш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Маълумки, карантин чекловларини жорий этилиши муносабати билан, кўплаб ҳаётий масалалар, айниқса аҳолини озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий ниқоб ва бошқа воситалар билан узлуксиз таъминлаш каби ўта муҳим ва долзарб масалани зудлик билан ҳал этиш зарурати юзага келди.

Бу борада, прокуратура органлари ташаббуси билан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мунтазам равишда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда, бозорларга энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар нархида киритиш доимий амалга оширилмоқда.

Шу жумладан, “Аҳолини озиқ - овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва қулай таъминлашнинг вақтинчаликтартиби” асосида 1 апрелдан буён 25 826 та кўчма савдо расталари ташкил этилиб, улар орқали савдо нуқталаридан узоқ ва чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига 28 737 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Махсус жиҳозланган 127 та кўчма дорихона орқали 979,7 млн. сўмлик дори воситалари ва тиббиётбуюмлари  сотилиши  таъминланди.

Амалга оширилган ишларга қарамасдан, айрим ҳудудларда нархларни асоссиз ошириш, савдо масканларида санитария-эпидемиология қоидаларга риоя этмаслик ҳолатлари ҳам кузатилаётганлиги қайд этилди. Шу боис, зарур маҳсулотларни узлуксиз етказиб берилиши ва нарх-навоси барқарорлигини таъминлаш устидан назоратни янада кучайтириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, прокурорлардан, жойларда ушбу маҳсулотлар таъминоти аҳволини, шунингдек, лабораторияларда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест учун зарур воситалар заҳираси етарлилигини доимий ўрганиб бориш, вужудга келаётган мавжуд муаммолар бўйича Бош прокуратурага зудлик билан таклифлар тақдим этилиши талаб этилди.

Департамент органлари раҳбарларига тегишли мутасадди идоралар билан ҳамкорликда сунъий тақчилликни олдини олиш, кўчма савдо расталарини ташкил этишда ҳудуддаги аҳоли сони ва жойлашувини ҳисобга олиш, бозор ва савдо мажмуаларига кириш-чиқишда дезинфекция ишларини ташкил этиш, савдо расталарида ижтимоий масофага амал қилинишини таъминлаш бўйича ишларни жадаллаштириш топшириғи берилди.

Коронавирус инфекциясини иқтисодиётга таъсирини юмшатиш, зарур соҳаларда тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Шу сабабли, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, карантин чекловлари, санитария ва гигиена талабларига риоя этган ҳолда уларнинг фаолияти тўхтаб қолишига йўл қўймасликнинг барча зарур чораларини кўриш, солиқ тўловлари, банк кредитлари ҳамда коммунал тўловлар бўйича берилган имтиёзларнинг тўлиқ қўлланилиши устидан назоратни кучайтириш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Бу йўналишда ҳудудий прокурорлар томонидан қисқа вақт давомида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилган тадбирлар натижасида турли сабабларга кўра фаолият кўрсатмаётган 289 та экспортёр корхоналарининг фаолияти тикланди, 58 та корхонага айланма маблағларини шакллантириш учун 153,5 млрд. сўм кредит ажратилиши таъминланди.Айни вақтда, бу борада баъзи тармоқ ва ҳудудларда сусткашликка йўл қўйилганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Айрим ҳудудларда эса, экспортёрларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ишлар самарали ташкил этилмаган.

Йиғилишда, 3.379 нафар экспортёрлар, шунингдек, 30 дан ортиқ иш ўрнига эга, йирик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларининг ҳар бирига прокуратура ходимларини бириктириш орқали уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва тезкор ҳал қилиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.

Шу билан бирга, прокурорлардан, экспорт прогнози бажарилиши бўйича топшириқлар ижросига масъулиятсизлик билан ёндашган, тадбиркорларга ёрдам бериш ўрнига суиистеъмолчилик қилган мутасадди идораларнинг раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатишгача бўлган кескин чоралар кўрилиши талаб этилди.

Мавжуд 516 та карантин постларига бириктирилган Департамент ходимларига юк ташишда турли тўсиқ ва муаммолар вужудга келишининг олдини олиш юзасидан қатъий чораларни кўриш топширилди.

Бундан ташқари, бюджет тушуми ижросини таъминлаш ва янги тушум манбаларини аниқлашга фаол кўмаклашиш, давлат ҳамда ҳудудий инвестиция дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтириш топшириқлари берилди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижроси юзасидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чоралари доирасида прокурор секторларида ғалла парвариши, чигит экилиши, шунингдек, аҳоли томорқаларида эртаки экинлар тўлиқ экилишини таъминлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Карантин чекловлари даврида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ишлари  бир зум ҳам тўхтатилмайди.

Бунда фуқароларнинг карантин қоидаларига сўзсиз риоя этишларини таъминлаш, шунингдек, коронавирус пандемияси ҳақида асоссиз хабарлар тарқатиш, аҳоли орасида саросима ва ваҳима келтириб чиқаришга уринишларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган фуқароларни тезкор аниқлаш ва уларнинг саломатлигини назоратга олиш бўйича прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ташкил этилган тергов гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, бу борада санитария-эпидемиология назорати хизматлари билан ҳамкорликни янада ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилиш якунида, прокурорлар ва Департамент раҳбарларидан, пандемия шароитида қонун ҳужжатлари билан тегишли мутассадди идораларга юклатилган вазифаларни сўзсиз ва муддатда бажарилиши устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш, ҳар қандай қонунбузарликларга нисбатан қатъий муносабат билдириш лозимлиги алоҳида талаб этилди. 

Йиғилишда, йўл қўйилган хато ва камчиликлар бўйича ҳудудий прокурорлар ва департамент бошлиқлари томонидан тушунтириш ва изоҳлар берилди.

Бу борада масъулиятсизликка йўл қўйган ва талабчанликни сусайтирган раҳбар ходимларга нисбатан лавозимидан озод қилишгача бўлган чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.

    Бошқа янгиликлар