Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида яшовчи ҳомиладор аёл ҳамда кўричак билан оғриган бемор вертолётда шифохонага олиб борилгани ҳақида хабар берган эдик. Мудофаа вазирлигига қарашли вертолётда шифохонага олиб борилган деҳқонободлик аёл ўғил фарзандли бўлди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар берди.
Маълум бўлишича, аёл фарзандини жарроҳлик амалиёти ёрдамида дунёга келтирган.

Фото: «Дарё»
«Чақалоқ 17 апрель куни кечки пайт туғилди, — дейди вилоят перинатал маркази директори Мавлуда Норқулова. — Ҳозирда она ва боланинг аҳволи жуда яхши».

Фото: «Дарё»
Мавлуда Норқулованинг айтишича, перинатал маркази шифокорлари ҳам кеча Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари билан бирга ҳудудга борган.
«Вақтдан ютқазмаслик мақсадида кеча Деҳқонободга шифокорларимиз ҳам боришганди. Вазият тақозо қилса, ўша ернинг ўзида ёрдам кўрсатишни мўлжаллагандик. Аммо аёл шифохонага бемалол етиб келди», — дейди Мавлуда Норқулова.

Фото: «Дарё»
Эслатиб ўтамиз, Деҳқонобод тумани марказидан 180 километр узоқликдаги Шахшор қишлоғида яшовчи 21 ёшли ҳомиладор аёл Ҳулкар Нормўминованинг тоби қочиб, эрта туғруқ ҳолати кузатилгани учун 16 апрель куни вертолётда шифохонага олиб борилган.






