Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда аҳолидан тушган бир қатор ҳуқуқий мавзудаги саволларга жавоб берилди.
Савол: "3 та фарзандим бор. Ҳали мактаб ёшигаям етамаган. Ўзим Тошкент халқаро аэропортида ишлайман. Ҳозирда карантин туфайли меҳнат таътилидаман. Отам-онам пенсионер. Аёлим хеч қаерда ишаламайди. Шу 3 та фарзандимга маҳалладан бола пулини олишга ҳақим борми?
Жавоб:Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 44-сон қарорига кўра икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа – 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак.
Ушбу қарорга мувофиқ бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи – посёлка, қишлоқ ва овул, шунингдек шаҳарларнинг маҳаллалари фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) ёки бундай қарорларни қабул қилиш учун фуқаролар йиғини томонидан ваколат берилган Комиссия томонидан қабул қилинади.
Шунингдек, бола парвариши бўйича нафақа ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.






