Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўрибоева иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда фуқаролардан тушган муҳим саволларга жавоб берилди.
Савол: "Махсус комиссия йирик объектларни қуриш ва таъмирлашни давом эттиришга рухсат берди. Нега ресторан ва кафелар санитария қоидаларига мувофиқ ишлай олмайди? Фарқи нима? Ресторан, кафе ва бошқа бизнес соҳалари ҳам солиқ тўлайди-ку?!"
Жавоб: Тўғри, Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг 2020 йил 14 апрелдаги қўшма йиғилиши қарорига асосан Иқтисодиёт тармоқларининг муҳим йўналишлари ва йирик ишлаб чиқариш ташкилотларини фаолиятини давом эттириш, шунингдек, йирик қурилиш объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини давом эттириш (бошлаш)га Республика махсус комиссиясининг ҳудудий штаблари раҳбарларининг қарорига (йиғилиш баёни) мувофиқ рухсат берилиши белгиланди.
Бунда ушбу ташкилотларнинг фаолияти даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиши, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиши, шунингдек, уларни овқатлантиришни мазкур объект ҳудудида ташкиллаштириш учун шахсий жавобгарлик тегишли хўжалик бирлашмаси раҳбари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юкланади.
Карантин ҳолатини инобатга олишингизни сўраймиз. Ресторан, кафе ва бошқаларнинг фаолияти даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилинишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шунингдек, уларнинг фааолияти касалланиш сони ортишига олиб келиши мумкин.






