АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов иштирокида брифинг ташкил қилинди.
Онлайн мулоқотда Шоҳруҳ Ғиёсов карантин вақтида бир қатор муддати ўтган ҳужжатлар учун жавобгарлик белгиланмаслигини маълум қилди.
Хусусан Республика махсус комиссияси қарори билан автотранспорт воситалари эгаларига қулайлик яратиш ҳамда муддати тугаган ҳужжатлар бўйича енгиллик бериш мақсадида:
барча рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар (лицензия ва рухсатномалар);
шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар (фуқаролик паспорти, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшашига рухсатнома);
автотранспорт воситаларини бошқариш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар (суғурта полиси, ишончнома, техник кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар)нинг амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади.
Бунда, уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан юридик ва жисмоний шахсларга жавобгарлик ва бошқа таъсир чоралари қўлланилмайди.






