АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
Савол: Онам онкология шифохонасида. Доктор деярли ҳар 2-3 кунда дорилар ёзиб беради. Бу дориларни олиб келиш учун мен 8 км. масофани пиёда босиб ўтяпман. Шу дориларни олиб боришим учун шахсий транспортдан фойдалансам бўладими?
Жавоб: Мазкур ҳолатда, ҳақиқатан ҳам онангиз тиббиёт масканида даволанаётгани тўғрисидаги маълумотнома ва тиббиёт ходимлари томонидан тавсия этилган дори-дармонлар учун йўлланма (рецепт) мавжуд бўлган тақдирда, сиз шахсий автотранспортингиздан фойдаланишингизга йўл қўйилади.
Мазкур саволга ўхшаш мазмундаги бошқа саволлар ҳам борлиги учун фуқароларимизга шуни маълум қиламизки:
- бундай ҳолатларда касаллик ҳақидаги тиббиёт ходимининг тегишли маълумотномаси ва дори-дармон олиш учун йўлланмаси асосида, фуқароларга ўзларига тегишли автотранспорт воситаларида тиббиёт муассасаларига бориб-келишларига йўл қўйилади.






