Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
— Карантин сабаб жорий йил давомида бошқа давлатга чиқишда коронавирусга чалинмаганлиги тўғрисида маълумотнома талаб қилишадими?
— Коронавирус билан касалланмаганлиги тўғрисида маълумотнома беришнинг имкони йўқ.
Тест натижасини олиш мумкин, бироқ у қанча муддатга амал қилиши алоҳида масала. Таҳлил топшириш борасида бир қатор хусусий клиникаларга коронавирусга таҳлил олишга рухсат бериш режалаштирилмоқда.
— Вируснинг енгил ёки оғир кечиши қондаги резус-факторга боғлиқми?
— Йўқ, қон гуруҳи ва резус-факторга касаллик кечишининг алоқаси йўқ.
— Шу пайтга қадар қанча одам коронавирусга текширилди?
— Айни пайтгача 100 мингдан ортиқ инсон коронавирус бўйича тестдан ўтказилди. Яқин вақт ичида ушбу рақамлар ярим миллионга етказилиши режалаштирилган.
— Айтишларича, Хитойда битта беморни коронавирус билан даволаш ўртача 3 минг доллар, аҳволи оғир беморни даволаш 21 минг доллардан ортиқ экан. Бу ростми?
— Ҳар хил давлатларда бу рақамлар ҳар хил талқин этилмоқда. Ҳақиқатан ҳам бу диагноз билан даволаниш, айниқса реанимацион ҳолатларда арзон бўлиши мумкин эмас. Бироқ Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ бўлган барча харажатлар давлат томонидан қопланади. Беморлар ва барча карантин зоналарида сақланувчи фуқароларимиз учун даволаниш бепул.
— 27 мартда карантинга олинган эдик. Бизнинг ҳудудда бир кишидан коронавирус аниқланди. Карантин муддати узайтириладими?
— Карантин қоидаларига кўра алоқада бўлганлар орасида инфекция юқтирган бемор аниқланса, қолганлар учун ҳам карантин узайтирилади.
— Шаҳар ичкарисидаги хусусий меҳмонхоналарда коронавирусга гумонланувчиларни карантинга жойлаштириш эпидемиологик ва ҳуқуқий жиҳатдан тўғрими?
— Дарҳақиқат, шаҳар ичидаги айрим хусусий меҳмонхоналарда яшаш учун карантин ҳудуди ташкил этилган. Бироқ бу гумон қилинганлар учун эмас, балки ишлашда давом этаётган ташкилот ва идора ходимлари учун.
Улар учун алоҳида транспорт йўлга қўйилган. меҳмонхона атрофи махсус қўриқланади ва бу жараён масофани сақланганда, қўшнилар учун хавф туғдирмайди.
— Яқинда аёлимнинг кўзи ёрийди. Уни туғруқхонага шахсий машинамда олиб борсам жаримага тортилмайманми?
— Йўқ. Ўрнатилган тартибга биноан, фуқаролар фавқулодда ҳолатларда шифохонага етказиш учун шахсий автомобилидан фойдаланиши мумкин.
Бу ҳақда ЙПХ ходимлари ҳам хабардор қилинган.






