“Олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломларининг давлат намуналарини тасдиқлаш тўғрисида қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломлари ва иловаларининг давлат намуналари 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларини тамомлаган барча битирувчиларга жорий этилади.
Олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломлари ҳамда иловаларининг давлат намуналари ҳарбий ва ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларининг битирувчиларига босқичма-босқич жорий этилади.
Бакалавр дипломи муқоваси ички қисми қалин, томонлари 145х200 мм ўлчамда сув белгили қоғозда офсет босма усулида беш хил: матн қисми учун қора ва тўқ ҳаворанг, тасвирий элементлар учун эса ҳаворанг ва оч ҳаворангда босилади.
Саҳифа марказининг оқ қисмига томонлари 80x82 мм ўлчовда бўлган ўзига хос кўринишдаги ҳаворанг бўёқда туширилган Давлат герби жойлаштирилади. Унинг атрофи нақшли растрдан ташкил топган оч ҳаворангдаги майда миллий нақшлик фондан иборат. Саҳифанинг юқори қисмида фон устидан 20 мм энликда ҳаворанг ҳошия туширилган ҳамда ҳошия устидан дипломнинг иккала саҳифасига “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI BAKALAVR DIPLOMI” ҳамда “REPUBLIС OF UZBEKISTAN BACНELOR'S DIPLOMA” сўзлари босилади.
Дипломнинг иккала саҳифалари ҳошияси тагидан В лотин ҳарфи ва саккиз хоналик сондан иборат бўлган рақам тўқ ҳаворангда босилади.
Ҳар бир саҳифанинг икки томонидан саккиз қиррали юлдуз олтин рангдаги тасвири жойлаштирилади. Саккиз қиррали юлдузлар томонлари 15х15 мм.дан иборат бўлган квадратлар туширилиши орқали ташкил этилган.
Диплом бланкасининг ўнг томони қуйи қисмида фонсиз 35х35 мм ўлчамда QR-код тизими жойлаштирилади.
Магистр дипломида эса, диплом муқовасининг ички қисми қалин, томонлари 145х200 мм ўлчамда сув белгили қоғозда офсет босма усулида беш хил: матн қисми учун қора ва тўқ қизил ранг, тасвирий элементлар учун эса қаймоқранг ва оч қаймоқрангда босилади.
Саҳифа марказининг оқ қисмига томонлари 80x82 мм ўлчовда бўлган ўзига хос кўринишдаги қаймоқранг бўёқда туширилган Давлат герби жойлаштирилади. Унинг атрофи нақшли растрдан ташкил топган оч қаймоқрангдаги майда миллий нақшлик фондан иборат. Саҳифанинг юқори қисмида фон устидан 20 мм энликда қаймоқ рангдаги ҳошия туширилган ҳамда ҳошия устидан дипломнинг иккала саҳифасига “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MAGISTR DIPLOMI” ҳамда “REPUBLIС OF UZBEKISTAN MASTER'S DIPLOMA” сўзлари босилади.
Дипломнинг иккала саҳифалари ҳошияси тагидан М лотин ҳарфи ва саккиз хоналик сондан иборат бўлган рақам тўқ қизил рангда босилади.
Ҳар бир саҳифанинг икки томонидан саккиз қиррали юлдуз олтин рангдаги тасвири жойлаштирилади. Саккиз қиррали юлдузлар томонлари 15х15 мм.дан иборат бўлган квадратлар туширилиши орқали ташкил этилган.
Диплом бланкасининг ўнг томони қуйи қисмида фонсиз 35х35 мм ўлчамда QR-код тизими жойлаштирилади.
Академик маълумотнома сув белгили қоғозда офсет босма усулида, матн қисми учун қора рангда ва фон учун оч ҳаворангда босилади.






