"Ўзбекнефтгаз" Бошқарув раиси бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган табиий газ ва газконденсати қазиб олиш конларига борди. Бу ҳақда жамият Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ишчи гуруҳ Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудидаги Мўйноқ тумани “Учсой” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Махсус штаб”, конлар, қудуқлар фаолияти ва у ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга яратилган шароитлар, карантин даврида олиб борилаётган чора-тадбирлар билан танишди.

Жумладан, 100 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ қазиб чиқарилиши йўлга қўйилган “Шимолий Бердақ” конидаги 86-сонли қудуқдаги ҳолат ўрганилди.

Шу билан бир қаторда, Бошқарув раиси ва Ишчи гуруҳ аъзолари ҳозирда буруғулаш ишлари давом эттирилаётган 92-сонли қудуқда ҳам бўлишди ва бурғулаш ускуналарнинг самарали ишлаши, керакли жиҳозларни ўз вақтида алмаштириб туриш орқали қазиб чиқаришда натижадорликни ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Бундан ташқари, “Арслон” газни дастлабки тайёрлаш қурилмасининг (УКПГ) қурилиш ишларини якунлаш, қурилмани тўлиқ қувватда ишлаши учун нима ишлар амалда бажарилаётгани ҳам бориб кўрилди ҳамда назоратга олинди.

Ўрганишлар жараёнида анчадан буён йиғилиб қолган масалалар ва камчиликларни тизимли ҳал этиш, зарур чоралар кўриш ва ишчи-ходимлар қулайлик яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, захираларни купайтириш ва белгиланган натижага эришиш борасида аниқ топшириқлар берилди.







