Мажбурий ижро бюроси Риштон бўлими томонидан автоҳалокат сабаб ногирон бўлиб қолган жабрланувчига айбланувчидан моддий зарар ундириб берилди.
МИБ ахборот хизмати маълум қилишича, Риштон тумани Янгиариқ қишлоғида яшовчи С.Собиралиев 2020 йил январь ойида автоҳалокат сабабли оёғидан оғир жароҳат олиб, ногирон бўлиб қолган. Ҳодиса тергов қилинган, кейинчалик суд ҳам бўлган. Бироқ терговда ҳам, судда ҳам айбланувчи Ж.Юлдашевдан жабрланувчи С.Собиралиевга 14 млн. сўм етказилган моддий зарар ундириб берилмаган.
Шу сабабли, бу иш Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочиси зиммасига юклатилди. Шу йилнинг 15 апрель куни МИБ Риштон туман бўлими давлат ижрочиси суд ҳужжати бўйича ижро иши юритувини қўзғатди ва қарздорни (суд ишида айбланувчи) бўлимга таклиф этиб, унга қарорни ижроси бўйича қонундаги барча “яхши” ва “ёмон” тарафларини батафсил тушунтирди.
Натижада қарздордан тергов ва судда тўламаган 14 млн. сўм зарар бир кун муддат ичида нақд шаклда олиб келинди ва шахсан ундирувчи (суд иши бўйича жабрланувчи) С.Собиралиевга топширилди.





