Бугун, 20 апрель, якшанба куни Президент Шавкат Мирзиёев саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишини ўтказди.
Йиғилишда давлат раҳбари Республика комиссиясига коронавирус умуман аниқланмаган ёки эпидемиологик вазият яхшиланган вилоят, туман ва шаҳарларда карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди. Фаолияти тикланадиган объектларда ишлар санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилади.
Маълумотга кўра, короновирус инфекцияси аниқланганлар сони Навой вилоятида 2 нафар, Жиззах вилоятида 3 нафар, Қашқадарё вилоятида 6 нафар, Сирдарё вилоятида эса 7 нафарни ташкил қилмоқда. Шунга қарамай, ушбу вилоятларда кўплаб корхоналар ўз ишини тўхтатган ёки тўлиқ қувват билан ишламаяпти. Бу эса ҳудудларда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага, аҳоли ҳаётига салбий таъсир қилмоқда. Охирги бир ҳафтада солиқ тушумлари Навоийда 11 млрд сўм, Жиззахда 15 млрд сўм, Қашқадарёда 22 млрд сўм, Сирдарёда 12 млрд сўмга камайган.
Шундан келиб чиқиб, Шавкат Мирзиёев эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда карантин чекловларини енгиллаштириш ҳақида гапирди.
“Ривожланган хориж мамлакатлари короновирус деярли тарқалмаган шароитда карантин чекловларини босқичма-босқич енгиллаштириб боряпти. Бизда ҳам баъзи туманларимизда ҳеч қандай касаллик қайд этилмаган. Шунинг учун ушбу ҳудудларда карантин чораларини юмшатиш вақти келди. Лекин бунда ақл ва илм билан иш тутишимиз керак. Масалан, Қўрғонтепа тумани карантиндан чиқиши учун туман ҳокими кенгаш ўтказиб, қайси корхоналарни ишлатиш мумкинлигига ва у ерда барча гигиена нормаларига риоя этилишига кафолат бериши лозим”, деди Президент.






