Бугун Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан ҳам коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 10 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди, деб яна хушхабарларни давом эттирмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Соғайганларнинг 3 нафари Москва – Тошкент , 1 нафари Истамбул – Тошкент йўналишида чартер рейсда келишган ва карантинга олинган. Қолган 6 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморлардан 5 нафари эркак, 5 нафари аёллардир. Улардан 9 нафари пойтахтимиздан, 1 нафари Хоразм вилоятидан. Тузалганлар орасида энг ёши каттаси 62 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 11 ёшда.
Шу билан Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида шу пайтга қадар коронавирусдан соғайганлар 42 нафарга етди.
Аҳамиятли томони, нафақат коронавирус инфекциясига чалинганлар, балки бутун аҳолининг умид кўзлари шифокорларда. Шундай жиддий масъулиятни зиммасига олган тиббиёт ходимлари эса жасорат ва шиддат билан қаҳрамонларча коронавирус балосига қарши курашишга киришиб, самарали натижаларга эришмоқдалар.
Ҳозирча бугунги кун давомида мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 344 нафарни ташкил этмоқда.






