Халқ депутатлари Арнасой туман Кенгаши депутати Фаррух АБДУҲАМИДОВ карантин туфайли ОТМ талабаларига онлайн дарс ўтилаётгани учун 2019-2020 ўқув йилининг иккинчи ярим йиллик учун тўланадиган тўлов контракт суммасидан 2 ой учун қисқартиришни таклиф этди.
"Ҳозирги кунда барча таълим жараёнлари масофавий шаклда давом эттирилмоқда. Шу боисдан олий таълим тизимидаги профессор ўқитувчилар ҳам ҳар кунлик ишга қатнаш ва ортиқча қоғозбозликдан қисман озод этилган. Барча профессор ўқитувчиларга таътил пуллари ва ойлик маошлари тўлиқ шаклда тўлаб келинаётгани бўлса-да, олий таълим муассасаларининг ҳаражатлари маълум миқдорда қисқарган. Бу қисқариш олий таълим муассасалари, талабалар турар жойидаги таъмирлаш ҳаражатлари ва коммунал хизматлардан фойдаланилмаётганлиги ҳисобига юзага келган.
Ўзбекистонда олий таълим муассасаси талабаларининг 90,2 фоизи тўлов шартномаси асосида таҳсил олади. Уларнинг шартнома пулини тўловчиларнинг аксарияти эса оддий ишчи халқимиз бўлса, ажабмас. Бугун 1.5 миллион ишсиз бўлган (аслида бу рақам 5-6 миллиондан кам эмас) оилалар фарзандларининг тўлов шартнома пулларини тўлашда турли муаммога дуч келаётгани табиий...
Шу боисдан “Адолат” СДП сайловчилар фикрини инобатга олган ҳолда 2019-2020 ўқув йилининг иккинчи ярим йиллик учун тўланадиган талабаларнинг тўлов контракт суммасидан 2 ой учун қисқартиришни таклиф этади", деб ёзади депутат.
Депутат бу таклифга масъуллар, айнан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эътибор қаратишини назарда тутиб, вазирликдан қуйидаги сабабларни важ сифатида кўрсатмасликни ҳам сўраган.
- Профессор-ўқитувчиларга ойлик маош тўлаш учун талабалар томонидан тўланаётган контрактдан ташқари давлат бюджетидан ҳам маблағ ажратилади. Барчамизга маълум, талабалар тўлаётган контракт олий таълим тизимига қилинаётган харажатларни 68% фоизинигина қоплайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4391-сон қарори мувофиқ 2020 йил 1 январидан 10 та олий таълим муассасаси ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган.
- Олий таълим муассасида фақат профессор-ўқитувчилар эмас, балки ёрдамчи персоналлар ҳам фаолият юритиб келмоқдалар, уларнинг контингенти профессор-ўқитувчилар миқдори билан тенг. Уларга ҳам ҳозирги кунда фаолият юритмаётган бўлсалар ҳам ойлик маош тўлаб келинмоқда.
- Республикада карантин эълон қилинганлиги сабабли 1 апрелдан ОТМлар қисқа вақт орасида масофавий дарс шаклига ўтказилди. Лекин аксарият ОТМ моддий базаси, серверлари бу юклама учун мўлжалланмаганлиги сабабли қўшимча ҳаражатларга сабаб бўлди.
"Балки ўқишга қатнамаётган талабани шартнома пулидан тўлиқ озод қилишнинг имкони йўқдир, аммо ҳеч йўқ тўлов миқдорини 2 ой учун қисқартириш устида аниқ ҳаракатлар олиб борилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ёки банклар ипотека таътиллари эълон қилгани каби конракт таътиллари эълон қилиш керакдир. Яъни талаба пул тўлашдан озод қилинмийди, маълум вақт ўтгандан кейин ота-онаси ўз иш фаолиятини давом эттириб оиланинг иқтисодий аҳволи изга тушгач тўловни амалга оширади.
Менимча, бу таклифларни амалиётга татбиқ этишда муаммо бўлмайди. Чунки амалдаги қонунчилигимиз бўйича контракт тўловининг муддатини белгилаш ректорлар ваколатига берилган", дея қўшимча таклиф беради "Адолат" СДП депутати.






