Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 29 январдаги “Сардоба сув омборида кичик ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори қошида кичик ГЭС қурилиши бошланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.
Мазкур ГЭСни қурилиши пойдевори учун биринчи ғишт қўйилди. Қурилиш ишларига тамал тошини қўйишда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Маҳаммад Атаханов ва бўлим бошлиқлари ҳамда тизим қурилиш ташкилоти “To`palang HPD irrigation systems” унитар корхонаси раҳбари ва қурувчилари иштирок этди.
“Сардоба сув омборида кичик ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш 2020 – 2022 йилларга мўлжалланган бўлиб, умумий қиймати 21,3 млн. еврога тенг.
Инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилган. Инвестиция лойиҳаси Россия Федерациясининг “Росэксимбанки” томонидан тўғридан-тўғри ҳорижий кредитлар ҳисобига молиялаштирилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, Россия Федерацияси томонидан бош пудратчи сифатида “Силовые машины – ЗТЛ, ЛМЗ, Электросила, Энергомашэкспорт” компанияси билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилиб, 19,2 млн. евро эквивалентига тенг шартнома имзоланган. Шунингдек, 3,7 млн. евро эквивалентидаги ўз маблағлари билан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ иштирок этади.
Шу ўринда, лойиҳага биноан ГЭСнинг ўрнатилган умумий қуввати 10,7 МВтга тенг. ГЭСда 5,35 МВт дан иборат иккита гидроагрегат ўрнатилиши режалаштирилган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 41,1 миллион кВт.соатга тенг.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг “1-сон қурилиш дирекцияси” унитар корхонаси инвестиция лойиҳасининг буюртмачи ва ижро этувчиси ҳисобланади.
Жамият томонидан инвестициявий лойиҳалар асосида барпо этилаётган янги ГЭСлар ишга туширилиши натижасида халқимизнинг электр энергиясига бўлган талабининг янада қондирилишига хизмат қилади.






