Кеча, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда йирик солиқ тўловчи корхоналари ходимлари машиналарига стикер берилиши ҳақида хабар берилган эди.
Ушбу маълумот аҳоли ўртасида англашилмовчиликларга сабаб бўлди. Барча тоифадаги машиналар эгалари махсус рухсатнома талаб қилишни бошлашди. Ушбу ҳолатга Давлат хизматлари агентлиги ойдинлик киритди.
Маълум қилинишича, Махсус комиссия баёнига кўра, жорий йилнинг 9 апрелидан бошлаб Давлат хизматлари марказлари орқали ҳаракатланиш учун рухсатномалар берилиши тўхтатилган.
Янги тартиб бўйича стикерлар ФАҚАТГИНА йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирувчи корхоналар ходимларининг шахсий ёки хизмат автотранспорт воситалари учун берилади.
Аризалар my.soliq.uzда жойлашган солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали онлайн тарзда қабул қилинади.
Янги тартиб бўйича стикер олиш билан боғлиқ барча саволлар билан Давлат солиқ қўмитасининг 1198 ишонч рақамига қўнғироқ қилиш лозим.
Бошқа турдаги ҳуқуқий маслаҳатларни Адлия вазирлигининг телеграмдаги @huquqiy_maslahatbot орқали олиш мумкин.






