Онлайн таълим шаклига ўтилиши муносабати билан март-апрель ойлари учун контракт суммаларини миқдорини қайта кўриб чиқиладими, у камайтириладими?
Фарҳод Бабашев, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари:
- Бугунги карантин кунларида олий таълим муассасалари ходим ва профессор-ўқитувчиларига ҳам ўз вақтида ойлик маошлари, таътил пуллари ва талабаларга стипендиялар мос равишда Давлат бюджети ва олий таълим муассасаларининг контракт маблағлари ҳисобидан тўлаб берилмоқда.
Шунингдек, 2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, олий таълим муассасалари талабалари учун масофавий таълим бериш жорий этилди. Шу билан бирга, 16 мартдан ОТМ томонидан масофавий таълимнинг моддий базаси ва дастурий платформаси, ўқув машғулотларининг электрон ресурслари яратилмоқда.
Масофавий таълим бевосита ўқув жараёни графигини баҳорги семестрининг икки ойи бўйича киритиляпти. Яъни баҳорги семестрда кўзда тутилган ўқув дастурлари тўлиқ ўқитилади ва ўқув йилини ўрнатилган тартибда якунлаш учун барча шароит яратилади (ўқув дастурлари қисқармайди). Истисно тариқасида шу давр ўтказилиши лозим бўлган лаборатория дарслари ўқишнинг кейинги семестрида ўтиб берилади.
Кўриниб турибдики, жорий ўқув йили учун белгиланган контракт шартлари икки томонлама тўлиқ бажарилиши лозим. Контракт асосида ўқитиш қийматининг асосий қисмини ташкил этувчи иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар харажатлари ўзгармаган, шунингдек, базавий контракт қиймати ижтимоий ҳимояланган миқдорда белгиланганини эслатиб ўтамиз.






