Сўнгги йилларда аҳолини табиий тоза ва сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, мева-сабзавотчилик ва боғдорчилик янада ривожлантирилмоқда. Бу ҳақда "Darakchi.uz"га Қишлоқ хўжалик вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Айниқса, соҳани кенгайтиришнинг замонавий усулларни кенг жорий этиш, боғбонлар илғор тажрибасини оммалаштиришда янги имкониятлар яратилган.
Вилоятларда барпо этилган интенсив боғларда олма, гилос, олхўри, беҳи каби мевали дарахт кўчатларининг воҳа иқлимига чидамли навлари экилмоқда. Шу билан бирга, яхши ривожланган навлар кўпайтирилиб, боғдорчилик фермер хўжаликларига етказиб бериш йўлга қўйилган. Хусусан, Фарғона вилоятида 43 минг гектар боғ барпо этилган. Бу ерда нафақат фермер хўжаликлари балки, томорқа ерларида ташкил этилган интенсив боғдорчилик тажрибаси юқори натижа бермоқда.
– Юртингиз боғларида етиштирилган сархил меваларнинг сифати ва мазаси дунё бозорида жуда машҳур, – дейди Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси боғдорчилик бўлими бош мутахассиси Элёр Жалолов. – Ташкил этилаётган интенсив боғларнинг афзал томони нисбатан кичик майдондан, кам сув сарфлаб, кўп ҳосил олиш мумкин. Маҳаллий боғларда бу кўрсаткич анча паст. 2019 йил ва жорий йил бошида вилоятимизда 2 минг 100 гектар худди шундай боғларни ташкил этдик. Жорий йилда 350 минг тоннадан ортиқ сархил мевалар етиштиришни мақсад қилганмиз. Унинг асосий қисми экспорт ва қайта ишлашга йўналтирилса, қолгани ички бозорга арзон нархларда сотилади.
Айни пайтда Қува туманидаги фермер хўжаликлари ва томорқа ерлардаги боғларда эртапишар гилоснинг илк ҳосили териб олинмоқда. Яна ўн кунда бутун вилоятимизда бу каби табдирлар жадал олиб борилади. Бунинг учун миришкор боғбонларимиз боғда парваришланаётган кўчатларнинг ривожланиши, уларга ишлов бериш ва зараркунандаларга қарши курашмоқда.






