Коронавирус пандемияси авж олган бир пайтда юртимизда ушбу хасталикдан тузалганларнинг сафи кенгайиб бораётгани эътиборга молик. Жумладан, мамлакатимизда ҳам фидойи ва тажрибали шифокорларимиз саъй-ҳаракати туфайли коронавирус инфекциясига чалинган беморлар навбатма-навбат дарддан фориғ бўлаётгани барчамизни қувонтирмоқда.
Жумладан, пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 2 нафар, Сурхондарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан эса 1 нафар, Бухоро вилоятидан бугуннинг ўзида яна 6 нафар, жами 9 нафар бемор буткул соғайди. Улар масъуллар иштирокида реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда ССВ маълум қилди.
Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларнинг 1 нафари (аёл) 54 ёшда, Тошкент шаҳридан. Яна бир нафари (эркак) эса Тошкент вилоятидан, 25 ёшда. Улар коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган.
Сурхондарёда тузалган бемор (эркак) эса 31 ёшда бўлиб, Сирдарё вилоятидан. У жорий йил 27 март куни чартер рейс билан Россиядан Термиз шаҳрига келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, Бухоро вилоятида соғайганларнинг 3 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Наманган вилоятидан бўлса, 1 нафари Бухоро вилоятидан. Уларнинг ёши каттаси 62 ёшда, энг ёши кичиги эса 21 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди.
Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар ҳозирча 495 нафарни ташкил этмоқда.






