Кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги "Маърифат" газетаси журналисти Шарифа Мадраҳимованинг Фарғона вилояти Учкўприк тумани ҳокимлиги вакили томонидан унга нисбатан ҳуқуқбузарлик қилингани ҳақидаги мурожаатини ўрганиб чиқиб, вазиятга ҳуқуқий баҳо беришни сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қилгани хабар берилганди.
Айтилишича, журналист озиқ-овқат ярмаркасини суратга олгани учун Учкўприк тумани Ички ишлар бўлимида ушлаб турилган, ёзиб олиш жараёнида ҳоким котиби телефонини ундан тортиб олишга уринган, ИИБга келганидан кейин эса қурилмасидаги ёзувлар ўчирилган.
"Дарё" нашри Учкўприк туман ҳокимлиги ахборот хизматига таяниб ёзишича, журналистга қўпол муносабатда бўлган ҳокимият вакили вазифасидан озод этилган.
Қайд этилишича, журналист Шарифа Мадраҳимова ҳамда туман ҳокими котиби Шоҳжаҳон Мўйдинов билан боғлиқ ҳолат туман ҳокимлиги томонидан батафсил ўрганиб чиқилган.
Шоҳжаҳон Мўйдинов давлат идораларида ўрнатилган касб этикаси меъёрларини бузганликда айбланиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Юз берган ҳолат туман ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади ва қўшимча маълумот берилади.






