Бу ҳақда ташкилотнинг Европа минтақвий бюроси раҳбари Ханс Клюгега таяниб «Коммерсантъ» нашри хабар тарқатган. Хабарга кўра, келгуси ҳафтада Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) миссияси Тожикистон ва Туркманистонга сафар қилади.
Хабарда таъкидланишича, ЖССТнинг Марказий Осиёдаги вакиллари коронавирус инфекцияси учун ўтказилган тестларнинг шубҳали натижаларини қайтадан текшириб кўришнинг қийинлигини айтган, бироқ улар ҳукуматларни танқид қилишдан тийилган. Сафар якунида ЖССТ экспертлари брифинг ўтказиб, Тожикистон ва Туркманистондаги эпидемиологик вазият ҳақида маълумот беради.
Коронавирус деярли бутун дунёга тарқалди. Бу инфекция кириб бормаган йигирма чоғли мамлакатнинг аксари орол-давлатлардир.
Тожикистон ва Туркманистон ҳукуматлари ҳам шу пайтгача ўз мамлакатларида коронавирус аниқланмаганини айтиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Туркманистон ўз ҳудудида ҳақиқатдан ҳам коронавирус йўқлигини таъкидлаган эди. Тожикистонда эса, шифохонада бирваракайига 4 нафар бемор пневмониядан вафот этгани қайд этилди.






