Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Ширин қишлоғида намунавий типдаги “туризм қишлоғи”ни ташкил этишга доир ишлар бошланди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.
Вобкент тумани Бухоро вилоятининг сайёҳлик салоҳияти бой ҳудудларидан бири ҳисобланиб, у Бухоро шаҳридан 20 км узоқликда, М-37 халқаро магистрал йўли бўйида жойлашган. Айни кунларда вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятнинг туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларга ташриф буюриб, хорижий ва маҳаллий сайёҳларга кўрсатиладиган ноанъанавий туризм хизмат турларини кўпайтириш ҳамда уларнинг сифатини янада яхшилаш йўлида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирмоқда. Таъкидлаш лозимки, Ширин қишлоғи тахминан 1500 йиллик тарихга эга бўлиб, унинг номи 92 ўзбек уруғларидан бирининг номидан келиб чиққан. Қишлоқ аҳолиси деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланиб келган. Эътиборли жиҳати шундаки, қишлоқнинг ўзига хос тарихи, қадимий иншоотлари ва миллий урф-одатлари ҳозирги кунга қадар сақланиб келинмоқда.

Этник қишлоқ туризм кластерини ташкил этишда қишлоқда шўрданак, қуруқ мевалар, миллий ширинликлар, полиз экинлари ва ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш жараёнларининг авлоддан-авлодга ўтиб келиши каби қадриятлар муҳим аҳамият касб этади. Қишлоқ аёллари ушбу маҳсулотларни тайёрлашда ҳар бир кўчадан битта хонадонда йиғилишиб қадимги урф-одатлар, миллий куй-қўшиқларни ижро этиб, лапархонлик, қадимги ривоятлар ва анъаналарни ёш авлодга етказиш жараёнида меҳнат қилишни одат тусига айлантиришган. Сайёҳлар учун қишлоқ турмуш тарзини намойиш этиш бўйича қатор шарт-шароитлар мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда масъуллар зиммасига намунавий типдаги этнотуризм маркази, қўшимча туристик хизматларни ташкил этиш ва ушбу туризм қишлоғи бўйича 1-3 кунлик туристик пакет ишлаб чиқиш каби топшириқлар юкланиб, тузилган режага биноан зарурий тавсиялар берилди.

Ширин қишлоғи ҳудудида қадимий тегирмонда маккажўхори ва буғдой уни тортиш жараёни, тандирда нон ва сомсалар ёпиш, 20 хил турдаги полиз экинлари экиш ва мевали дарахтлардан иборат боғ яратиш, 5 та ўтов тайёрлаш, балиқчилик ҳовузи ва уй ҳайвонларидан иборат чорвачилик бурчагини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, мева ва сабзавотларни биологик йўл билан етиштириб, қуритиш ва қадоқлаш жараёни, жун йигириш ва жун маҳсулотларини тайёрлаш, сайёҳларга томорқалардаги табиий полиз маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда маҳаллий овқатлар, шунингдек, шўрданак, мева қоқилари ва сут маҳсулотлари тайёрлаш кластери, уларнинг маҳорат дарсларини кўрсатиш, миллий фолклор жамоаларининг маданий чиқишлари, қишлоқ ҳаётини акс эттирувчи қадимий буюмлар музейини ва миллий ҳунурмандчилик бурчагини ташкил этиш кўзда тутилган. Қолаверса, сувенир буюмларини сотиш дўконларини барпо этиш, этнотуризм қишлоғи бўйлаб ҳамроҳ-таржимон хизматлари билан бирга, автотранспортлар учун автотураргоҳлар хизматини, этнотуризм қишлоғи атрофида жойлашган кўлларда эса балиқ овини йўлга қўйиш, қадимги сандал уйларини барпо этиш, шўрданак ва нишолда сингари миллий маҳсулотларни тайёрлаш жараёнларида меҳмонларнинг бевосита иштирокини таъминлашни ўз ичига олган этнотуризм марказини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган. Бундан ташқари, қишлоқ марказида супермаркет, дорихона, гўзаллик салони, ахборот маркази, тикув цехи, туроператорлик офиси, почта хизмати, авиа ва темир йўл чипталари кассаси, сувенир дўкони, электротехника буюмлари устахонаси, сартарошхона, қандолатчилик ва миллий ширинликлар тайёрлаш цехи, оилавий меҳмон уйи, пойафзал таъмирлаш устахонаси, кийим дўкони, миллий чойхона, велосипед ижара маркази ва нонвойхонани ўз ичига олган замонавий “Ширин туризм мажмуаси” маиший хизмат уйини ҳам қуриш ишлари карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда олиб борилмоқда. Подробнее: https://uzbektourism.uz/cyrl/newnews/view?id=1133






