Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурганди.
Кўплаб юртдошларимизда Фармойиш ва у асосида тасдиқланган низомга кўра, жамғарма фаолияти қандай йўлга қўйилади, тадбиркорлар қайси мезонлар бўйича баҳоланади, хайрия маблағлари манзилли етиб бораётганини қандай назорат қилинади каби саволлар пайдо бўлди.
Ҳусусан, эҳсон ва хайриялар кимларга қандай тартибда берилади саволига жавоб топиш мақсадида Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоевага мурожаат қилдик.
— Мамлакатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида ушбу ташаббусни аниқ механизмларини ҳам кўрсатиб берди. Унга кўра, Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилади.
Фармойишда мана шу жиҳатлар ҳам эътиборга олиниб, маблағлар пандемия даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш учун ишлатилиши белгиланди.






