АсосийЖАМИЯТ

"ТошМИ"да коронавирусдан даволанаётган 22 ёшли эгизаклар бутунлай тузалди

Бор тажриба ва маҳоратларини ишга солишаётган шифокорларимиз фидойилиги беморларимизнинг к...

'"ТошМИ"да коронавирусдан даволанаётган 22 ёшли эгизаклар бутунлай тузалди'ning rasmi

Бор тажриба ва маҳоратларини ишга солишаётган шифокорларимиз фидойилиги беморларимизнинг кетма-кет соғайиб чиқишларини таъминламоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 10 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайганларнинг 7 нафари Тошкент шаҳридан, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятидан 1 нафардан. Улардан 9 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган, 1 нафари эса Қозоғистон Республикасидан келган ва карантин марказига жойлаштирилган. Инфекция аниқлангач, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган. Беморлардан 6 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 55 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 14 ёшда.

Ушбу клиникада шу пайтга қадар 58 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 68 нафарга етди.

Бугун Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан ҳам коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 6 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайганларнинг барчаси коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморлардан 3 нафари эркак, яна 3 нафари аёллардир. Улардан 5 нафари пойтахтимиздан, 1 нафари Қашқадарё вилоятидан. Улар орасида энг ёши каттаси 27 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 10 ёшда бўлиб, шу жумладан, 22 ёшли эгизак ака-укалар ҳам бор.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида шу пайтга қадар 42 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 48нафарга етди.

Бугун мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар жами 598 нафарни ташкил этмоқда.

    Бошқа янгиликлар