АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда ишлашига рухсат берилган корхона ва ташкилотларга қандай қатъий талаблар қўйилади?

Аввалроқ Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг қарори билан эпидемия шароитида...

'Ўзбекистонда ишлашига рухсат берилган корхона ва ташкилотларга қандай қатъий талаблар қўйилади?'ning rasmi

Аввалроқ Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг қарори билан эпидемия шароитида иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ўртасида ишсизлик ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда бюджет тушумларини таъминлаш учун бир неча соҳалар фаолиятига рухсат берилгани ҳақида хабар қилинганди.

Шу билан биргаликда, коронавирус эпидемияси шароитида ушбу корхона ва ташкилотлар фаолият юритиши санитария-эпидемология талаблари асосида белгилангани қайд этилганди. Хўш, улар қандай талаблар? Бу борада Республика комиссияси қуйидагиларни маълум қилади:

  • Корхона ёки ташкилот, қурилиш объекти очиқ зонада жойлашган бўлса, албатта атрофини тўлиқ ўраш, бегоналар киришини қатъиян ман қилиш;
  • корхона ва ташкилотларга бегона шахслар киришининг олдини олиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўриқлаш ва бошқа хизмат турларидан фойдаланиш;
  • ходимларни ҳар куни ишхонада камида 2 маротаба – иш бошланишидан аввал ва ишдан кейин “фильтр”дан ўтказиш, тана ҳароратини ўлчаш, тана ҳарорати юқори бўлган ёки касаллик аломатлари бўлган ходимлар аниқланганда албатта ишдан четлаштириш;
  • тана ҳарорати юқори бўлган ёки касаллик аломатлари (қуруқ йўтал, холсизлик, юқори ҳарорат, ҳид сезиш қобилятининг пасайиши) бўлган ходимларни алоҳидалаштириш учун тиббий пунктда изолятор ташкил этиш;
  • иш куни бошида ёки якунида барча хоналарни дезинфекцияловчи воситалар билан зарарсизлантириш, шунингдек, кварц лампалар билан ишлов ўтказиш, албатта кун давомида камида икки маротаба хоналарни шамоллатиш;
  • корхоналарда барча ходимлар учун қулай бўлган жойларга қўлларини дезинфекцияловчи воситалар билан зарарсизлантириш учун етарли даражада зарарсизлантирувчи ускуналар ўрнатиш;
  • ҳар куни жамоат учун умумий бўлган хоналарни (овқатланиш, дам олиш хоналари, хожатхона) зарарсизлантирувчи воситалар билан зарарсизлантириш ишларини ўтказиш;
  • ҳар 2-4 соатда барча ташқи муҳит объектларини (эшик тутқичлари, включатель, зина тутқичлари, стол, стуллар, ташкилий техника) зарарсизлантириш учун етарли даражада зарарсизлантирувчи ускуналар ўрнатиш;
  • ювувчи ва зарарсизлантирувчи моддалар, шахсий ҳимоя воситасининг (ниқоб ва резина қўлқоп) 5 кунлик захирасини яратиш, тиббий ниқобларни камида ҳар 2-3 соатда алмаштириш;
  • ходимларнинг иш жойида бир-биридан камида 2 метр масофада мулоқот қилишларини назорат қилиш;
  • барча ходимларни тўлиқ шахсий ҳимоя воситасида (тиббий ниқоб ва резина қўлқоп) фаолият кўрсатишини мунтазам назорат қилиш, шахсий ҳимоя воситаларини ишлатилгандан сўнг марказлашган ҳолда йиғиш ва уларни утилизация қилиш;
  • баъзи корхоналар ходимлари ўртасида юқори нафас йўллари касалликларининг олдини олиш ва максимал даражада мулоқотни камайтириш мақсадида онлайн тарзида иш фаолиятини ташкил этиш;
  • ходимларнинг овқатланиши учун алоҳида хона ташкил этиш, иш жойида овқатланишни тақиқлаш, уларнинг қўл ювиш учун зарарсизлантирувчи ускуналар билан таъминлаш;
  • ходимларга карантин вақтида қулайлик яратиш ва уларнинг эркин ҳолда кўчада юришларини олдини олиш ва фойдали иш соатларини ошириш мақсадида марказлашган холда овқат етказиб берилишини таъминлаш;
  • ходимларни ётоқхоналар билан таъминлаш, барча ходимлар иш жойи ва ётоқхоналари ўртасида пиёда юришларини тақиқлаш, уларни транспорт воситалари билан таъминлаш;
  • жамоа йиғилиш хоналаридан (чекиш хонаси, маънавият ва маърифат хонаси, ошхона, мажлислар хонаси) фойдаланишда чеклов чораларини кўриш;
  • агарда корхона ва ташкилотда бирор нафар ходимда қуруқ йўтал, иситма, ҳолсизлик ва шунга ўхшаш клиник белгилар пайдо бўлса, зудлик билан “103” рақамли тез ёрдамга мурожаат қилиш.

 

Шунингдек, бундай талаблар барча савдо корхоналарида ҳам жорий этилиши шарт. Жумладан, савдо нуқтасига кирувчи ҳар бир шахснинг тана ҳароратини масофадан туриб ўлчашни ташкил этиш, тана ҳарорати юқори бўлган фуқаро аниқланса, савдо марказига киритмаслик ва “103” телефон рақами орқали тиббиёт ходимларини чақиртириш; савдо нуқтасига кириш жойида дезинфекцияловчи восита билан тўйинтирилган махсус гиламча (дезинфекциялаш тўсиғи)ни 1 сменада энг камида 1 маротаба алмаштириб туриш; йирик савдо марказларида (майдони 500 м2 дан катта) ташриф буюрувчи одамларнинг уст-бошидан антисептик билан пуркаш йўли билан дезинфекциялаш учун махсус ўтиш жойларини ўрнатиш; савдо дўконларига кириш жойида тери учун махсус антисептиклар (шу жумладан, ўрнатилган дозаторлар ёрдамида) билан қўлни зарарсизлантириш жойларини ташкил қилиш; ҳар бир харидор орасида 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофанинг сақланишини таъминлаш.

Савдо нуқтасида харидорлар билан ишловчи ҳар бир ходимлар эса энг камида 5 дона юз ниқоби, антисептик салфеткалари, қўлқоп, антисептиклар билан таъминланиши, ҳар бир овқатланиш олдидан, ишдан сўнг қўлларини махсус зарарсизлантирувчи воситалар билан ювиш, умумий гигиена қоидаларига амал қилиш зарурлиги тўғрисида мунтазам хабардор қилиб борилиши керак.

    Бошқа янгиликлар