Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳри Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида янги қурилаётган кўп қаватли турар жой комплексидаги ҳолат, яъни “дом”лар лойиҳада кўрсатилганидек қурилмагани ҳақидаги мурожаат тарқалди, унга фотосуратлар ҳам илова қилинган.
“Суратларга қаранг, замонавий архитектура “шедеври”. Кўп қаватли уйнинг деразаси қаёққа қараяпти? Уйлар орасидаги масофа бир метр! Аҳолининг яшаш шароитини яхшилашми бу?” деб ёзади мурожаатчи.
Бухоро вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мутахассислари томонидан ушбу масала ўрганилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бухоро шаҳар ҳокимининг 2015 йил 30 декабрдаги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги ҳамда 2006 йил 29 майдаги қарорларига мувофик, Баҳоуддин Нақшбанд кўчаси ёқасида турар жой бинолари, болалар ўйингоҳи қуриш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун қурилиш-пудрат корхонаси “ИНЖEНEРИНГ СТРОЙ- МОНТАЖ СEРВИС” МЧЖга 1,7 гектар ер майдони ажратилган.
Бухоро шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан 2016 йил 31 мартда архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган. Лойиҳа смета ҳужжатлари “Лойиҳасувқурилиш” МЧЖ томонидан тайёрланган бўлиб, экспертиза ижобий хулосаси олинганидан сўнг, вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан 2017 йил 19 июлида рухсатнома расмийлаштириб берилган. Ҳозирда мазкур объектда қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда.
“Ижтимоий тармоқда тарқатилган фотоларда турар жойлар оралиғи 1 метр масофада акс этган деразалар ўрнида аслида лойиҳа режасида хонадонлар ошхонаси форточкаси (фрамуга) бўлиб, квартираларни сотиб олишга даъвогар бўлган ва шартнома тузган хонадон эгалари талаби билан қурилиш-пудрат корхонаси томонидан дераза ромлари кўринишида қайта жойлаштирилган.
Тасдиқланган лойиҳа талабларидан четга чиқиб, бажарилган дераза ромлари аввалги форточка (фрамуга) кўринишида бажариладиган бўлди. Бу борада қурувчи-пудрат корхонасига кўрсатма берилди. Ҳозирда дераза ўринларини беркитишга киришилган”, дейилади Қурилиш инспекцияси маълумотида.






