Бухоро вилоятидан бир йўла 32 нафар беморнинг тўлиқ соғайиб чиқиши коронавирус инфекциясига қарши курашаётган тиббиёт ходимларининг навбатдаги ғалабасидир. Уларнинг 22 нафари вилоят кўп тармоқли марказидан, 10 нафари юқумли касалликлар шифохонасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Шифо топганларнинг 30 нафари Россиядан, 1 нафари эса Туркиядан чартер рейслар орқали Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган. 1 нафар бемор коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улардан 28 нафари эркак, 4 нафари аёл. Беморларнинг 6 нафари Андижон вилоятидан, 5 нафари Тошкент вилоятидан, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларидан 3 нафардан, Сурхондарё, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 2 нафардан, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидан эса 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 74 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 15 ёшда.
Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 178 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 210 нафарга етди. Юртимизда беморларнинг соғайиб чиқиши бўйича Тошкент шаҳридан кейин энг юқори кўрсаткич Бухоро вилоятидан қайд этилмоқда.
Шунингдек, Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан ҳам коронавирус инфекциясига чалинган 22 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг 19 нафари чартер рейс орқали Туркиядан, 1 нафари Мисрдан ва яна 1 нафари Прага шаҳридан Фарғонага келишган бўлиб, карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, улар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Бир нафар фарғоналик бемор коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтирган. Улардан 9 нафари Тошкент шаҳридан, 5 нафари Қашқадарё вилоятидан, 2 нафари Тошкент вилоятидан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Андижон, Фарғона ва Сирдарё вилоятларидан 1 нафардан. Беморларнинг 10 нафари эркак, 12 нафари аёллар бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 49 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 16 ёшда.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 30 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 52 нафарга етди.
Шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасидан 10 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайди. Уларни республика соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг 1 нафари Фарғона вилоятидан, 9 нафари Қорақалпоғистондан (7 нафари Нукус шаҳридан бўлса, Қўнғирот ва Кегейли туманидан 1 нафардан) бўлиб, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олишган. Беморларнинг 3 нафари эркак, 7 нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 42 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 12 ёшда. Самарали даволаш муолажалари туфайли бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатди.
Айни пайтга қадар Қорақалпоғистонда шу пайтга қадар 19 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда улар 29 нафарни ташкил этмоқда.
Ҳозирга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 689 нафарга етди.






