Соғлиқни сақлаш вазирилигининг маълумотига кўра, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохоналарида коронавирусдан даволанётган 54 нафар беморлар соғайган.
Хусусан Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида 33 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар, бутунлай соғайиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг 30 нафари жорий йил 22 март куни Россиядан чартер рейс билан келишган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Қолган 3 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Улардан 29 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Хоразм, Наманган ва Фарғона вилоятларидан 5 нафардан, Бухоро ва Андижон вилоятларидан 4 нафардан, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидан 3 нафардан, Навоий, Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 61 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда.
Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасидан ҳам 21 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайди. Уларни республика соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг барчаси Қорақалпоғистондан (15 нафари Нукус шаҳридан, 4 нафари Мўйноқ туманидан, яна 2 нафари Қўнғирот туманидан) бўлиб, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олишган. Беморларнинг 9 нафари эркак, 12 нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 64 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшда. Самарали даволаш муолажалари туфайли бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатди.
Шундай қилиб, бугун айни пайтга қадар 91 нафар бемор тузалиб, мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 880 нафарни ташкил этмоқда.






