Ҳаммаси ижтимоий тармоқларда “Патруль” номли қозоқ сериали видеоси пайдо бўлганидан сўнг бошланганди. Бу унда тожик элчиси роли ижро этилгани билан боғлиқ, деб ёзмоқда Платформа.
Айнан шундан сўнг Тожикистон бугун Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига ушбу сериалга ҳуқуқий баҳо бериш талаб қилинган нотани юборди.
Унда сериални суратга олган “B.A.S production” ва буюртмачи “Мустақил телевизион канал” (“Независимый Телевизионный Канал”) МЧЖнинг ишига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.
Шунингдек, тожик томони Қозоғистон Республикаси қонунларига биноан туҳмат ва этник нафратни қўзғатишга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар бўйича суд муҳокамасини талаб қилмоқда.
Тожикистон ахборот ва матбуот бошқармаси ушбу масалани назоратга олган.
Расмий жойлар тугади. Энди шунча машмашанинг асл сабаби нимада эканлигини келтириб ўтамиз.
“Патруль” сериалининг интернетда тарқалган видеосига кўра, милиционерлар на рус, на қозоқ тилини биладиган мигрантни ушлаб олишади.
Ажабланарлиси, қўлга олинган муҳожир ўзбек тилида гапиради. Милиционерлар эса уни тожик деб ўйлаб, бўлимга олиб кетишади. Уни коридорни бўяшга, машинани ювишга мажбурлашади. Видео якунида эса у элчихонага йўлни йўқотиб қўйган Тожикистоннинг элчиси бўлиб чиқади.
Ушбу видео чиққандан сўнг тожикистонлик фойдаланувчиларнинг жаҳли чиққан ва мамлакат ҳукуматларидан ушбу масалани ҳал этишни талаб қилган.






