Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлигининг пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган, фуқароларга ортиқча тўланган пенсия ва нафақаларнинг 2020 йил 20 апрель ҳолатига қарздорлик суммаси ҳисобдан чиқарилади. Бу Президентнинг "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонида белгиланди.
Халқ банкининг матбуот хизмати маълум қилишича, республикамиздаги 16,5 минг пенсионернинг ортиқча ҳисобланган пенсия бўйича 20 млрд сўмлик қарзларидан воз кечилади.
Фармонга мувофиқ, жорий йил 1 майдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга (Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан пенсия олувчи шахслардан ташқари) пенсиялар тўлови тўғридан-тўғри Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси орқали амалга оширилади.






