Россияда сешанба куни коронавирусга чалинганлар ва бу касаллик сабаб вафот этганлар кунлик рекорд даражада кўпайди. Коронавирус инқирозига қарши кураш маркази маълумотларига кўра, Россия CОVID-19 билан касалланганлар бўйича Хитой ва Эронни ортда қолдирди. Бу ҳақда Таржумон ёзди.
Сешанба куни Россияда коронавирус беморлари сони 6 411 тага кўпайди ва бу билан мамлакат бўйича касалланганлар сони 93 558 нафарга етди. Ўлганлар сони 72 кишига ошди ва бу кунлик рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Айни дамда вафот этганларнинг умумий сони 867 кишини ташкил қилмоқда.
Россияда март ойининг охирида карантин эълон қилинган бўлиб, унинг муддати 30 апрелгача этиб белгиланганди. Ҳозирча Президент Владимир Путин бу муддат чўзилиши ҳақида маълум қилгани йўқ. Россиянинг «Роспотребнадзор» хавфсизлик хизмати бошлиғи Анна Попова душанба куни давлат телевидениесига берган интервьюсида чекловлар 12 майгача давом этиши кераклигини айтди.
Россиядаги пандемия маркази бўлган Москвада одамлар ҳаракатини чеклаш учун апрель ойининг ўрталаридан бошлаб хусусий автоуловлар ва жамоат транспорти учун махсус штрих-кодларни жорий қилинди ва бу амалиёт Россиянинг бошқа 21 минтақасида ҳам қўлланилиши мумкин.
Карантин туфайли Россиянинг ялпи ички маҳсулоти ўсиши ҳар ҳафтада 0,5 фоизга тушмоқда.






