Россия Президенти Владимир Путин Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган парад Қизил майдонда албатта ўтказилишига ваъда қилди. Бу ҳақда Халқ сўзи нашри ёзди.
Фақат ушбу тадбир коронавирус тарқалиш хавфи тугаши билан ташкил этилади. Давлат раҳбари бу ҳақда мамлакат халқига қилган мурожаатида айтиб ўтди.
Путиннинг таъкидлашича, Ғалаба байрами коронавирус тарқалишига боғлиқ вазият барқарорлашганига тўла ишонч ҳосил қилинганидан кейин муносиб равишда нишонланади.
Президент 9 май куни Ғалаба куни шарафига ҳаво парадини ўтказилишини ва шаҳарларда байрамона мушакбозликлар ўтказилишини айтиб ўтди.
Давлат раҳбари ҳар қандай ҳолатда аҳолини хавфсизлик талабларига ва ўзини ўзи изоляция тартибига риоя қилиб, байрамни нишонлашга чақирган.
“Бу кун ва унинг руҳий қуввати қалбларимизда мангу қолади. Биз Иккинчи Жаҳон урушида қатнашган ва бугун орамизда йўқ жангчиларимизни хотирлаймиз, фахрийларимизни эса табриклаймиз. Гарчи биз уларни бағримизга боса олмасак ҳам, уларга энг илиқ сўзларни айтишга имконият топамиз“, деган Путин.
Путин болалар билан оилавий альбомларни томоша қилишни, ота-оналар ва бобо ва бувилар уларга уруш ҳақида ҳикоялар айтиб беришни, шунингдек, Катюша каби қўшиқларни бирга куйлашни таклиф қилди.






