Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Тошкент шаҳрини 2041 йилгача ривожлантириш бош режа лойиҳасини ишлаб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси 28 апрель куни Норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар лойиҳалари порталига муҳокамага қўйилди.
Тошкент шаҳрини 2041 йилгача ривожлантириш бўйича бош режа концепцияси Тошкент шаҳар ҳокимлиги,”ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК ҳамда “Kentsel Yenileme Merkezi A.S.” (Туркия) компанияси иштирокида ишлаб чиқилган.
Концепцияда шаҳардан (шаҳар марказидан 24-25 километр) жануб томонга 9 километр узоқликда янги Тошкент аэропортини жойлаштириш кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, аэропортнинг ҳозирги мавжуд ҳудуди (марказдан 5-6 километр узоқликда) истиқболда қисман чекловда фойдаланиш учун сақлаб қолинади.
Қарор лоийҳаси муҳокамаси 13 майга қадар давом этади.
Аввалроқ пойтахт аэропортининг янги Тошкент-4 халқаро йўловчи терминали 2019 йил охиригача қуриб битказилиши маълум қилинганди. Жанубий Корея кўмагида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳанинг қиймати 430 миллион доллардан зиёд. Бироқ халқаро терминали қурилиши аҳоли эътироз билдириши эҳтимоли сабаб тўхтатилганди.






