Ўзбекистон 30 июнгача халқаро авиақатновларни амалга оширмайди. Бу ҳақда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг расмий сайти маълум қилди. Хабарда айтилишича коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида қабул қилинган қарорга биноан қатновларни изга тушириш муддати узайтирилган.
Хусусан Covid-19 касаллиги тарқалишининг олдини олиш доирасида хорижга бориб-келиш авиақатновлари 2020 йилнинг 30 июнига қадар тикланмайди.
Парвозлар қачон тикланиши аниқ эмаслиги боис 30 июнга қадар авиачипталар сотиш ҳам тўхтатилади. Қатновларни тиклаш масаласи дунёдаги вазиятга кўра қайта кўриб чиқилади.
Ўзбекистон март ойининг иккинчи ярмидан қатор давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тўхтатган эди. 30 март кунидан Ўзбекистондаги мавжуд барча аэропортлар ёпилиб, авиақатновлар бутунлай тўхтатилди.
Республикадаги аэропортлар иш фаолияти ва авиапарвозларнинг қайта тикланиши ёки чеклов чоралари узайтирилиши республика махсус комиссияси томонидан эълон қилинади.






