Ижтимоий тармоқларда “Учқудуқда ИИБ ходимлари рекетирлик қилишадими?” сарлавҳали мақола жойлаштирилган эди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати ушбу мақолада ёритилган фуқаро Озод Бозоров тўғрисидаги воқеага фақатгина ҳуқуқбузарнинг кўзи билан қаралганлиги, бунда ҳар қандай ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз сўзи билан ўзини оқлаши табиий ҳол эканлигини айтмоқда.
Аслида воқеа ижтимоий тармоқларда кўрсатиб ўтилганидек эмаслиги айтилади баёнотда. Аксинча бўлганлигини қуйидаги далиллар билан исбатлайди:
2020 йилнинг 25 март куни Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида ҳукумат қарори ижросини таъминлаш юзасидан туман ДСИ, ИИБ, СЭОМ ва Прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти ходимларидан иборат тузилган ишчи гуруҳ Учқудуқ тумани буюм бозорини кўздан кечиради. Текширувда ноозиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор Бозоров Озод Равшанович савдо ишларига алоқаси бўлмаган онаси Бердиёрова Руста Насимовна билан ўзига тегишли бўлган савдо дўконида савдо-сотиқ фаолиятини олиб бораётганлиги аниқланди.
Шу вақтда туман ДСИ масъул ходими Н.Абдуллаев тадбиркор О.Бозоров ва унинг онаси Р.Бердиёроваларни ҳукуматнинг махсус қарори билан таништириб, савдо фаолиятини жорий этилган карантин муддати тугагунга қадар тўхтатиши лозимлиги юзасидан огоҳлантирди.
Аммо тадбиркор бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан ўзи ва бошқаларнинг соғлигини хавф остида қолдириб, савдо-сотиқ ишларини давом эттирган.
Шундан сўнг, бозор ҳудудида хизмат олиб бораётган профилактика катта инспектори Ф.Пўлатов, туман ИИБ ППХ сафдор ходими сафдор Б.Акрамов, туман ДСИ ходими Н.Абдуллаев ҳамда бозор маъмурияти бош ҳисобчиси Х.Умедовлар билан қайта текшириш ўтказилган вақтида, тадбиркор О.Бозоров ва унинг онаси Р.Бердиёровалар ўз савдо дўконларида савдо-сотиқ фаолиятини давом эттираётганлиги маълум бўлган.
Масъул ходимлар О.Бозоров ва унинг онаси Р.Бердиёровага нисбатан қонуний чора кўришлик мақсадида савдо дўконини ёпиб, яқин ўртада жойлашган ИИО Таянч пунктига боришини сўраганида, қоидабузарлар республикада жорий қилинган карантин тартибига риоя қилмаганлигига қарамасдан, ўз ҳуқуқбузарлигини давом эттаверган. Туман ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, жамоат тартибини бузувчи ножоиз хатти-ҳаракатлар содир этганлиги сабабли, улар яқин масофадаги 31-сонли ИИО Таянч пунктига олиб келинган ва тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Фуқаро О.Бозоров ва унинг онаси Р.Бердиёровага нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси, 183-моддаси ва 194-моддасининг 1-қисми назарда тутилган ҳуқуқбузарлик иши ҳужжатлари туман Маъмурий судига юборилиб, ҳужжатларда ушбу ҳолат тўлиқ акс этган видеолавҳалар ҳам илова этилган.
2020 йилнинг 25 март куни туман Маъмурий суди биносида очиқ суд мажлиси ўтказилиб, суднинг қарорига мувофиқ фуқаро О.Бозоровга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда унинг онаси фуқаро Р.Бердиёровага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.
Ушбу ҳолат юзасидан туман ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларида интизом ва қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилмаган, дейилади муносабатди.






