АсосийСОҒЛИҚ

Пандемия даврида "Тез тиббий ёрдам" хизматига бир ярим миллионта мурожаат бўлган (фото)

Мамлакатимизда аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими йилдан-йилга такомиллашмоқда. Кейи...

'Пандемия даврида "Тез тиббий ёрдам" хизматига бир ярим миллионта мурожаат бўлган (фото)'ning rasmi

Мамлакатимизда аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими йилдан-йилга такомиллашмоқда. Кейинги йиллар мобайнида соҳани ривожлантириш бўйича Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари қабул қилиниб, мазкур тизимнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Моддий база мустаҳкамланди. Амалга оширилган ана шу ўзгаришлар пандемия даврида, айниқса, ўз самарасини бермоқда, дея таъкидламоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

ССВ Матбуот хизмати фотолари

Эътиборли жиҳати, пандемия даврида, яъни жорий йил 15 мартдан бугунги кунга қадар аҳоли томонидан қарийб 1 ярим миллион марта мурожаатлар бўлди. Бу мамлакатимиз бўйича кунига ўртача 30 мингдан зиёд чақириқлар тушганини кўрсатади. Ҳозирда юртимиз бўйлаб кунига 2 ярим мингта бригада туну кун самарали фаолият олиб бормоқда.

Ушбу бригадалар пандемия даврида коронавирус инфекциясига гумонланган инсонларни карантинга жойлаштириш, ушбу касалликка чалинган беморларни махсус шифохоналарга етказишда кеча-ю кундуз фаолият юритишмоқда. Бундан ташқари, аҳоли томонидан йўлланган чақириқ манзилларига ўз вақтида етиб бориш, зарур тез тиббий ёрдам кўрсатиш, оғир беморларни шифохоналарга етказиш борасида ҳам самарали иш олиб боришмоқда.

ССВ Матбуот хизмати фотолари

Шу боис, давлатимиз раҳбари кеча ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам пандемияга қарши курашнинг олдинги сафларида чинакам қаҳрамонлик кўрсатаётган барча шифокорларимизга, шу жумладан, тез ёрдам хизмати ходимлари ва ҳайдовчиларига алоҳида миннатдорчилик билдирдилар.

Айни пайтда автомобиллар паркининг кенгайиши, тез ёрдам бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига яқинлаштирилиши туфайли чақириқларга кечикиб бориш каби қатор муаммолар ҳам бартараф этилди.

ССВ Матбуот хизмати фотолари

Охирги уч йил ичида тез тиббий ёрдам хизматига ажратилаётган маблағ ҳам бир неча баробар ошди. Жумладан, битта чақириққа тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ишлатиладиган дори воситалари учун сарфланган маблағнинг нархи 2016 йилда 800 сўм маблағ ажратилган бўлса, ҳозирда ушбу кўрсаткич 5800 сўмни ташкил қилмоқда.

Ўтган йил сўнггида пойтахтимизга хориждан 150 та “Ford” русумидаги энг замонавий реанимобиллар олиб келиниб, фойдаланишга топширилганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Барча қулайликларга эга ушбу машиналар тез тиббий ёрдам хизматига топширилиши, моддий–техник базани мустаҳкамланаётганлиги бу мамлакатимизда ушбу соҳа мутлақо янги инновацион, сифат жиҳатдан юксак, барча халқаро талабларга тўлиқ жавоб берувчи тизимга ўтганидан далолатдир, дейилади ССВ хабарида.
 

Бошқа янгиликлар