2020 йил 30 апрелдан республика ҳудудига кириб келаётган барча юк автотранспорт воситалари чегара ўтказиш пунктларига энг яқин жойларда ташкил этилган махсус автотураргоҳларга йўналтирилади ва ўша ерда ҳайдовчиларидан коронавирус инфекциясига тест олинади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тест натижалари эълон қилингунга қадар автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳайдовчилари махсус автотураргоҳларда бўлади.
Тест натижалари бўйича коронавирус инфекцияси аниқланмаган тақдирда ҳаракатни тасдиқланган йўналиш чизмаси асосида давом эттиришга рухсат берилади.
Бунда, халқаро ташувларни амалга ошираётган ҳайдовчилар фақатгина махсус комбинезон, бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқоплардан фойдаланган тақдирдагина ҳаракатни давом эттириши мумкин.
Тест натижалари бўйича коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолларда ҳайдовчи ўрнатилган тартибда даволаш муассасасига олиб кетилади, агар иккинчи ҳайдовчи бўлса, у ҳайдовчи стационар карантинга жойлаштирилади.
Автотранспорт воситаси тўлиқ дезинфекциядан ўтказилгандан сўнг, бошқа (юк жўнатувчи ёки қабул қилувчининг мазкур ташувга алоқаси бўлмаган) ҳайдовчи томонидан ҳаракатланиши давом эттирилиши ёки автотранспорт воситасидаги юклар бошқа транспорт воситасига божхона назорати остида қайта юкланиб олиб кетилиши мумкин.
Бунда, автотранспорт воситаси бошқа ҳайдовчи томонидан ҳаракатланиши давом эттирилганда, қонунчиликда белгиланган тартибда божхона назоратидаги товарларни етказиб бериш билан боғлиқ мажбуриятлар автотранспорт воситасини қабул қилган ҳайдовчига юкланади.






