АсосийЖАМИЯТ

Тошкент вилоятида журналист билан бўлган вазият бўйича Агентлик ва Ҳокимият ўз муносабатини билдирди.

Бир неча кун аввал Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимларининг  журналистнинг...

'Тошкент вилоятида журналист билан бўлган вазият бўйича Агентлик ва Ҳокимият ўз муносабатини билдирди.'ning rasmi

Бир неча кун аввал Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимларининг  журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлиги ҳақида хабар эълон қилинган эди. Human.uz интернет нашри томонидан эълон қилинган видеолавҳада ички ишлар органлари вакиллари журналист ҳамда тасвирчига нисбатан қўпол муносабатда бўлгани ҳамда журналистнинг саволларига жавоб бермай, унинг фаолиятига қаршилик кўрсатгани акс этган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўз ваколати доирасида ушбу ҳолатни ўрганиш ва қонун доирасида тегишли чора кўриш юзасидан Бош прокуратура ва  Ички ишлар вазирлигига ёзма сўров юборди. Бу ҳақда Агентлик директори биринчи ўринбосари ўзининг телеграм каналида хабар берган.

Тошкент вилоят ҳокимлиги ҳам ўз ўрнида ушбу масалада расмий баёнот берди.

"Мазкур ҳолат билан боғлиқ воқеалар хронологияси ўрганилганда сайт муҳаррири Хуршид Далиев 27 апрель куни Тошкент туманига фуқаро мурожаатини ўрганиш мақсадида боргани ва бу ҳақда телеграмда ёзиб қолдиргани, кейинроқ эса ҳудудда қонунбузарлик рўй бергани бўйича анонс мазмунидаги яна бир материални канали орқали эълон қилгани маълум бўлди.

Вазиятдан кўриниб  турибдики, журналист Хуршид Далиев туманга "Кўксарой ер миришкор" агрофирмасига қарашли ер майдон атрофини ўраган деворни нима сабабдан бузиб ташланганини ўрганиш мақсадида борган.  Вазият юзасидан Тошкент тумани ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан 29 апрель куни соат 14:55 да муносабат билдирилган.

Хуршид Далиев ўрганмоқчи бўлган масала бўйича  ер эгаси бўлган Акмал Аҳмедов ҳамда туман ҳокимлиги бир қарорга келган, агрофирма раҳбари томонидан ноқонуний равишда қурилган девор ер эгасининг ўзи томонидан бузиб ташланаётган эди" дейилади хабарда.

“29 апрель куни 23:55 да Хуршид Далиев раҳбарлик қиладиган сайтда юқорида кўрсатилган сарлавҳа билан материал чоп этилди. Ҳолат бугун вилоят ҳокимлиги ҳамда ИИББ ахборот хизмати томонидан ўрганилди.

Хусусан, ички ишлар органлари ходимларининг боди камерасидаги видеоёзувлар, ҳолат иштирокчиларининг баён қилишича тафсилот аслида бошқачароқ эканлигини кўрсатаётганини, томонидан эълон қилинган лавҳа жараённи тўлиқ ифода қилмаслигини билдирамиз. Яъни, сектор раҳбарлари бу вазиятда журналист ишига халал берган, деб ҳисоблаш учун асос мавжудлиги ҳали баҳсли масаладир. Яъни, журналист ўрганмоқчи бўлган ҳудуд бошқа жойда, сектор раҳбарлари озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи бўйича иш олиб бораётган ҳудуд бошқа-бошқа жойлардир. Журналист девор бузилиши бўйича ички ишлар органи вакилидан интервью олмоқчи бўлган. У бу ишга алоқаси йўқлигини айтиб, ахборот беришни рад этган.  Мазкур ҳолат бўйича эртага муфассал ахборот берилишини маълум қилган қолда, алоҳида таъкидлаймизки, Тошкент вилоятида сектор раҳбарлари, Ички ишлар органлари ходимлари томонидан журналист фаолиятига тўсқинлик қилинмайди.

Тошкент вилояти сектор раҳбарлари, ҳокимликлар, бошқарма,  корхона ва ташкилотларнинг ахборот хизмати раҳбарлари доимо қонун доирасида, белгиланган тартибларга, касб этикасига амал қилиб фаолият кўрсатаётган ходимлар билан ҳамиша дўстона, илиқ муносабатда" деб ёзилган  вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида

 

    Бошқа янгиликлар