Ижтимоий тармоқларда Юнусобод тумани17 даҳасида жойлашган эрамизнинг V-VI асрларга оид “Юнусобод Оқтепаси" археологик ёдгорлиги ҳақида турли салбий ҳаволалар жойлаштирилётган эди.
Ушбу танқидий хабар бўйича Маданият вазирлиги мутассадилари ёдгорлик ҳудудини жойида ўргандилар.
Маълум қилинишича, объект ҳудудида айрим чиқиндилар (ёнган тахта, шиша ва пластик идишлар, бир марталик ниқоблар, резина қўлқоплар ва қурилишдан қолган аҳлатлар), шунингдек, бевосита археология объектининг асосий зал қисмининг қолдиқларида ҳосил бўлган ғорсимон катта хонада чиқиндилар (кўрпача, озиқ-овқат ва пластик қолдиқлари, гигиеник воситалар ва гулхан қолдиқлари) борлиги аниқланди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг 1996 йил 30 декабрдаги 412-сонли қарори билан “Юнусобод Октепа”си “Олтин мерос” хайрия жамғармаси балансига ўтказилган ва ушбу объект назоратини “Олтин мерос” хайрия жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими олиб боради.
“Олтин мерос” ташкилоти вакилининг таъкидлашича ёдгорлик ҳудудида тез-тез шанбаликлар ўтказилиб турилади. Жумладан, яқинда Наврўз байрами олдидан ҳам шанбалик ўтказилган. Чегара ҳудуди бўлсада аммо яқин яшовчи аҳоли томонидан объект ҳудудига аҳлат ташлаш ҳолатлари учрамоқда.

Бир неча йиллар илгари “Олтин мерос” ҳайрия жамғармаси томонидан археология объекти атрофида деҳқончилик, боғбончилик билан шуғулланишлари учун аҳолига ёдгорлик атрофидан ер майдонлари берилган.

Ўтган йиллар давомида кўрилган чоралар ва огоҳлантириш жумладан, “Олтин мерос” ҳайрия жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлимига 2019 йил 18 сентябрдаги 36-сонли хати натижасида бу салбий ҳолат бартараф этилди.

Ўрганиш натижасида ёдгорлик ҳудудидаги ҳолат фотосуратлар олиниб, баённомалар тузилди, балансда сақловчи “Олтин мерос” ҳайрия жамғармаси Тошкент шаҳар бўлимига Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси томонидан огоҳлантириш хати тақдим этилди. Объект ҳудудининг катталигини инобатга олиб, ҳозирда тайинланган битта жамоатчи инспектор сонини келгусида бир нечтага етказиш мақсадга мувофиқ, деб топилди.
Ҳозирги кунда “Юнусобод Октепаси” археология ёдгорлигини туризм масканига айлантириш борасида маҳалла аҳли билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан тегишли ишлар амалга оширилмоқда.






